Садржај поста
Уста ва уч хижобашка Шароит тақозоси билан бир ишчи устани ишга жалб этдим. Қайси вилоятдан эканини айтмай қолай. Тилидан Аллоҳ тушмайдиган, ёши тахминан қирқ беш билан эллик орасидаги эркак эди. Ҳалоллик ҳақида кўп гапирди. Келишувга мувофиқ ишни бир ойда якунлашини ваъда қилди. Ундан бу ҳажмдаги ишга бир ўзи қандай улгура олишини, ёрдамчи билан ишлаш-ишламаслигини сўраганимда, бу замонда шерик билан ишлаб бўлмаслигини айтди. Ҳалиги уста хотини ва синглиси билан ишлаб, белгиланган муддатда ишни тугатишини маълум қилди. Мен бошқа туманда турганим учун, иш қилиниши лозим бўлган ҳовлидан анча узоқда яшайман. Шу сабаб устанинг паспортини расмга олиб, бўнак сифатида тўрт ярим миллион сўм бердим ва уйимга қайтдим. Эртаси куни уста айтган қурилиш материалларини олиб борганимда, ҳовлида уч нафар ҳижобли аёл юрибди. Таажжубда қолдим. Ахир уста менга фақат хотини ва синглиси билан ишлашини айтганди. Учинчиси ким, деб сўраганимда, синглисининг ишсиз юрган таниши эканлигини, ўзи билан олиб келганини тушунтирди. Материалларни топширдим, ишим борлиги сабабли қайтиб кетдим. Орадан кунлар ўтди. Иш қандай кетаяпти, деб фақат телефон орқали сўраб турдим. Бир ҳафта ўтгач, уста иссиқни баҳона қилиб яна бир ярим миллион сўм сўради. Гўё нонушта, тушлик, соя учун парда, совуқ сув, ҳатто лифчик каби “зарур буюмлар” учун. Қурилишда лифчик нимаси билан керак деб ҳайрон бўлдим. Уста эса аёлларнинг саломатлиги ва шижоатига эътибор қаратиш кераклигини айтди. Ҳозир яхши боқмасак, эртага иш қилмайди, деди. Орадан яна бир неча кун ўтгач, ремонт қилинаётган ҳовлимдаги қўшнилардан бири менга овозли хабар юборди. Унда “усталар” кечқурун қўшиқ қўйиб, пиво ичиб ўтиргани, бири иккинчисини Мубина деб чақираётгани эшитиларди. Менинг ҳовлим эса ҳали эшиксиз, деворсиз ҳолда бўлиб, ҳамма томоша қўшниларга кўриниб турган. Бу хабарни эшитгач кечқурун ҳовлига бордим. Юзма-юз кўрсам, “аёлим” деб таништирилган ҳам, “синглим” деб кўрсатилган ҳам мошоллочи устага ғирт бегона аёллар экан. Ҳар бири ўзига яраша ишора ва қараш билан турибди. Столдаги пиволарни кўриб, ҳаммасини тушундим. Уста кулимсираб турди ва нима дейишини билмайгандек, охири шундай деди: - Э, Ока, ҳозир одамлар шундай бўлиб қолдики, ҳижобни кўрса ишонади, Аллоҳ деган одамга ишониб пул беради. Мен ҳам шу бозор қоидаси билан яшаяпман. Юзимни шундай қилиб сотишга мажбурман. Тўғри тушунасиз энди. Бу воқеа орқали мен яна бир бор англадимки, жамиятимизда динни, ҳижобни ва ҳалолликни реклама воситасига айлантириб юрганлар кўп экан. Улар учун ибодат эмас, маркетинг муҳим. Улар учун ҳижоб ҳаё рамзи эмас, ишонч уйғотиш учун кийилган либос. Бундайлар учун Аллоҳ сўзи қалб амри эмас, фақат тилидаги иш битирадиган калима. Улар орасида энг катта қурбон эса ҳеч ким эмас, балки соддалиги туфайли ишонган инсоннинг ўзи. Абдуазим Шомансуров саҳифасидан олинди https://t.me/daydi2021