Post content
Тахминимча, давлат иши, ҳукумат-ҳокимиятлардаги позициялар, вазирлик ва агентликлар, университетда домлачилик, магистратурада ўқиш, корпорацияларда административ-бошқарув ишлар, ННТлар, мактабларда ўқитувчилик, милиция-полиция, черковлар — буларнинг камида ярми фақатгина яширин ишсизликнинг кўриниши, одамлар нимадир билан банд бўлишларини таъминлаш учун яратилган иш ўринлари. Улар ёпилиб юборилса, ҳеч қандай тотал ўзгариш бўлмайди. Демоқчи бўлганим, бир олимимиз айтган ҳалиги СИ келганда 30% бўшатилиши керак, деган одамларга ҳам янги керакмас позициялар топиб берилади. СИ томонидан сиқиб чиқарилган инсонлар кўп ҳолларда иқтисоднинг "А" қисмида ўз ўрнини топади, деб ўйлайман. Иқтисоднинг "А" қисми — одамлар ўзларига ўзлари хизмат кўрсатади, ўзлари маҳсулот ишлаб чиқариб, ўзлари истеъмол қилади, яъни бозорга олиб чиқмайди. Масалан, ўзи кийим тикиб, ўзи, яқинлари, оиласи, қўшнилари кияди. Буни Наманганда кўрдим, олдинлари Тошкентда ҳам бувилар кийим, жилд, парда тикишарди. Иқтисодиётнинг "Б" қисми эса ҳалиги ишлаб чиқарувчи билан истеъмолчи алоҳида бўлиши, ва ўртада бозор мавжудлиги. Учинчи тўлқинда "А" қисм кенгайиб бораверади, прозюмерлар (продюсер+консюмер) сони ошиб бораверади, кичик қабилалар сони ошиб бораверади, ўзига ўзи кийим тикади, озиқ-овқат етиштиради ва ҳоказо. Лекин бозор бўлмаса, бошқалар савдодан, транзакциялардан фойда топа олмайди, паразитик қатлам қийналиб қолади, мустамлакадан профит олиш қийинлашади. Биз тушунишимиз керак, янги замонда одамларнинг ўзи — товар, ўзи бойлик. Улар орасидаги транзакциялар, олди-берди, уларнинг ақлий, ҳиссий меҳнати, рухий кечинмалари, булар ҳам бойлик генерация қилади. Мустамлака деганда, нафақат уран, ёки олтинни тушунишимиз керак. Йўқ, янги замонда инсонлар асосий ресурс. Шунинг учун одамлар, масалан, бирлашиб, ўзига ўзи кўйлак-иштон, ёки умуман ўй, маҳалла, шаҳар қуришни бошлаши хўжайинларига нисбатан ақл бовар қилмайдиган сурбетлик бўлади, бундай, аҳолини мобилизация қилувчи, уларни халққа трансформация қилувчи ташаббусларни бостириш керак бўлади.