Post content
Мақсади битта – қолган ерларни қурилиш қилиш учун тадбиркорларга сотиш! Давлат раҳбари спорт майдончалари ва болалар ўйингоҳлари, уйлар орасидаги яшил ҳудудлар қурилиш учун бериб юборилаётганидан одамлар норози бўлаётганини таъкидлаб, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида бирорта ҳоким бўш жойларни топиб, яшил ҳудуд, одамлар тоза ҳавога чиқиб ўтирадиган жойлар, спорт майдончалари, фонтанларни кўпайтиришни ўйламаётганини танқид қилмоқда. Охирги йилларда маҳалла ва кварталлар орасида бир қарич ер бўлса ҳам топиб, сотиш ҳокимларнинг асосий бизнес машғулотига айланиб бўлган. Пойтахт ва вилоят марказларида юрсангиз, маҳаллаларнинг яшил ҳудудлари ўрнига, кўп қаватли аҳоли уйлари орасида қўнқайтириб барпо этилган, қарор бўйича аввал бошида парковка, кам қаватли ёшлар маркази ёки маҳалла гузари учун ажратилган, амалда кўп қаватли офис ва бизнес-марказларига айланиб кетган биноларни кўришингиз мумкин. Ҳеч ким, бирон бир назорат ташкилоти бу ерлар қарор чиққанда нима мақсадда ажратилганди, деб сўрамайди, қандай қилиб ўзгариб кетди, деб таҳлил ҳам қилмайди, чора ҳам кўрмайди. Афсуски, бу қийшиқ, антиижтимоий ва ғирт коррупцион амалиёт тўхтаётгани йўқ. Шу йил бошидан маҳалла марказлари қуриш баҳона янги тўлқин билан давом этмоқда.