TGTGInsighttelegram intelligenceLIVE / telegram public index
← Azizbek Akbarov
Azizbek Akbarov avatar

TGINSIGHT POST

Post #1956

@ekoazizbek

Azizbek Akbarov

Views53Post view count
PostedDec 1612/16/2025, 11:32 AM
Post content

Post content

#форум Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Қонун ижодкорлиги фаолиятида инсонларнинг ҳаётини яхшилашга қаратилган қонунларни қабул қилиш устида фаол ишлар олиб борилмоқда. Бу даврда салмоқли тўплам, хусусан, 125 та қонун қабул қилинди, улар биринчи навбатда ижтимоий соҳага, экология ва иқтисодиётга тегишли. Жумладан, ижтимоий соҳада кам таъминланган оилаларни манзилли қўллаб-қувватлашни кучайтиришга ҳамда ижтимоий нафақалар тизимини кенгайтиришга қаратилган қонунлар, шунингдек ногиронларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини, шу жумладан таълим олиши ва бандлигини таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган қонунлар қабул қилинди. Экологик мувозанатни сақлаб туришга ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги масъулиятни оширишга кўмак берувчи қонунларни қабул қилиш орқали табиатни муҳофаза қилишга ва барқарор ривожланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Парламентимизнинг халқаро фаолиятида 2025 йил апрель ойида Ўзбекистонда Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеяси муваффақиятли ўтказилганлигини алоҳида қайд этиб, Сизларни мазкур тадбирда юқори даражада иштирок этганликларинг учун самимий миннатдорлигимизни билдирамиз. Шунингдек икки томонлама парламентлараро ҳамкорлик, шу жумладан мамлакатларимиз ўртасидаги мунтазам ташрифлар алмашинуви фаол ривожланаётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Мажлисимизнинг «Инсон қадр-қиммати, ижтимоий адолат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун ҳамкорлик» номли мавзусини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Ишончимиз комилки, бизнинг парламентлараро майдончамиз мамлакатлар тажрибасини бирлаштиришга ва самарали қўшма ёндашувларни ишлаб чиқишга имкон беради. Инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш принципи янгиланган Ўзбекистон Конституциясининг замирида бўлиб, давлат сиёсатининг амалий мўлжалига айланди. Кейинги йилларда мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Саккизйил ичида ялпи ички маҳсулот ҳажми иккибаробарга ўсди, жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми эса 130 миллиард АҚШ долларидан ошди. Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида ривожланмоқда. Турмуш даражасини оширишга, бандликка кўмаклашишга, барча фойдалана оладиган таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини, оилалар, аёллар, болалар, қариялар ва ногиронларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий ҳимоянинг янги модели шакллантирилди. Мазкур соҳада Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мувофиқлаштирувчи роль ўйнамоқда. Давлат бюджетининг ярмидан кўпи ҳар йили ижтимоий эҳтиёжларга йўналтирилади. Тизимли ишлар натижасида мамлакатда қамбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизга камайди. Шу билан бирга, биз иқлим ўзгариши оқибатларини тобора кўпроқ ҳис қилмоқдамиз. Экстремал об-ҳаво ҳодисалари, чўлланиш ва биохилма-хилликнинг йўқотилиши мамлакатларимиз учун умумий муаммога айланиб бормоқда. Марказий Осиё давлатлари томонидан Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича минтақавий стратегия ишлаб чиқилди ва бир овоздан маъқулланди. Ўзбекистонда 2025 йил «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йили деб эълон қилинди. Экологик барқарор иқтисодиётни ривожлантириш бўйича кенг кўламли дастур амалга оширилмоқда. 2025 йил ноябрь ойида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилди, шунингдек табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш учун Экополиция тузилди. «Марказий Осиё – Корея Республикаси» формати парламентлараро мулоқот учун барқарор ва самарали майдон сифатида ўзаро ишончни мустаҳкамлайди, тажриба алмашишга ёрдам бериб, конструктив халқаро ҳамкорлик намунасининг ёрқин ифодаси ҳисобланади. Ишончимиз комилки, ушбу форматда биргаликда ишлашни давом эттирсак, биз халқларимизнинг фаровонлигини мустаҳкамлашга, хавфсиз ва барқарор келажакни шакллантиришга ҳисса қўша оламиз. 👉КАНАЛГА УЛАНИШ