Post content
Профилингиз сиз ҳақингизда нималарни "сотади"? Ижтимоий тармоқлардаги профилингиз номи ва расми — бу сизнинг рақамли паспортингиз ва биринчи таассуротингиздир. Сиз ҳали оғиз очмасингиздан, улар сиз ҳақингизда кўп нарсани айтиб қўяди. Бизда, афсуски, бунга етарлича жиддий эътибор берилмайди. "@adamni_ogli", "@1998n86" ёки "@n1bandaman" каби аноним номлар ортига яшириниш — бу ўз-ўзига ишончсизлик ва масъулиятдан қочиш белгисидир. Ёш ўсмирда буни кўриш унча муаммо эмас, лекин ҳатто тажрибали тадбиркорларга ҳам бу этика етиб бормаганини кўп кўрамиз. Ўз исм-шарифини тўлиқ ёзган инсон эса ўзи билмаган равишда "мен борман, мен ўз сўзларим ва шахсиятим учун жавоб бераман" деган сигнални беради. Бу ўзига ва суҳбатдошига нисбатан ҳурматнинг биринчи белгиси. Профиль расми эса бу ҳикояни янада чуқурлаштиради. Футбол жамоаси логотипи ёки Рамзанни сурати — бу ҳали шаклланмаган шахсиятдан далолат. Энг кенг тарқалган хатолардан бири — қўлда "iPhone" билан тушилган расм. Бу онгсиз равишда "менинг энг катта ютуғим ва қадриятим мана шу буюм" деган хабарни беради. Бу сизнинг савиянгиз битта телефонни мақтаниш объекти деб билиш даражасида эканини кўрсатади. Аксинча, юзингиз аниқ кўриниб турган, самимий табассумли, сифатли сурат эса "менинг энг асосий активим — бу ўзим, менинг шахсиятим ва билимим" дейди. Профессионал ва ўзига ишонган инсон образини яратиш учун учта оддий қоида бор: Тўлиқ исм-шариф: Бу сизнинг брендингиз. Аниқ ва сифатли расм: Одамлар сизни танисин ва сизга ишонсин. Қадрият расм қўйишга руҳсат бермаган ҳолатда иш ёки ўқиш жойи логотипи ҳам бўлади. Изоҳ (Bio): Иш ёки ўқиш жойи, лавозим. Бу сизнинг ким эканингизни ва нима билан шуғулланишингизни аниқ кўрсатади. Буларнинг бари сизни боридан уялмайдиган, ўзига ишонган ва шаклланган шахс сифатида намоён қилади. Рақамли иқтисодиёт даврида рақамли профессионал портрет ҳам жуда муҳим. Чунки сиз хонага киришингиздан анча олдин, профилингиз сиз ҳақингизда гапириб бўлади. #biznes#etika#professionalizm