Post content
Imkon Scholars: Иқтидорли ёшлар учун топ университетлар сари имконият Ўтган йили ёзда қизим 9-синфни бошлаганда, биз уни АҚШдаги IVY League (энг нуфузли университетлар)га тайёрлаш ҳақида ўйлай бошладик. Танишларим Ўзбекистондаги Freshman Academy бу университетларга тайёргарликда ёрдам бериши ва кўплаб ёшларни 100% грант билан ўқишга киритганини айтишди. Шу тариқа мен Yale университети битирувчиси ва Freshman Academy асосчиси Валера билан танишиб, унинг консалтинг хизматларини олдик. Суҳбат давомида Валера Ўзбекистонда иқтидорли ёшлар жуда кўплигини, аммо кўпчилигининг молиявий имконияти чеклангани сабабли тахминан $8 000 турадиган бундай хизматларни ололмаслигини айтди. Ҳатто айрим ёшлар дунёнинг топ университетларидан $300–400 минглик грант ютиш мумкинлигига ҳам ишонмайди. Яъни, кўп ҳолларда биз ўз имкониятларимизни тўғри баҳолай олмаймиз. Шунда мен Валерага: «Агар шундай иқтидорли ёшлар бўлса, камида 4 нафарига мен ёрдам бераман», дедим. Валера ҳисоб-китоб қилиб, агар 10 нафар талабага бюджет топилса, харажатларни анча тушириш мумкинлигини айтди. Мен қўшимча 6 нафар талаба учун ҳам маблағ излашни бошладим ва дўстларим билан гаплашдим. Бир нечта дўстларим бу ғояни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдиришди. Натижада биз 10 нафар эмас, 20 нафар талаба учун маблағ йиғдик. Икки ой давомида дастурни тайёрладик ва бугун Freshman Academy билан ҳамкорликда молиявий имконияти чекланган 20 нафар иқтидорли талабага дунёнинг топ университетларига киришда ёрдам беришни бошлаяпмиз. Танлов ҳақидаги маълумотни талаба бўлишни истаган танишларингиз билан улашсангиз мамнун бўламиз. Дастурнинг мақсади — 20 нафар талабага топ университетлардан 100% грант ютишга кўмаклашиш. Бу ёрдам эвазига сўраладиган ягона нарса эса — келажакда Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар ривожига ҳисса қўшиш. Тўлиқ маълумот ва ариза топшириш учун: https://imkon.org Шунингдек, ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган дўстларимизга алоҳида миннатдорчилик билдираман: Зафар Хашимов, Мурод Назаров, Лазиз Адҳамов, Ботир Арифжанов, Иброҳим Мамасаидов, Анвар Ирчаев, Алишер Тожиев ва Ҳикмат Абдурахманов. Дастур бўйича янгиликлар ва тажрибалар билан мунтазам бўлишиб бораман. Видео ҳажми катта бўлгани сабабли, уни бу ерда томоша қилишингиз мумкин. @paiziev24