Argitalpenaren edukia
Антидопинг соҳасида муҳим қадам! 2025 йил 4 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигида “Антидопинг маъмуриятчилиги ва бошқарув тизими (ADAMS)” ҳамда натижаларни бошқариш жараёни — долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди. Ушбу семинарда Миллий антидопинг агентлигининг малакали мутахассислари томонидан ADAMS тизимининг имкониятлари, уни тўғри ва самарали юритиш, натижаларни бошқаришдаги тартиб ва масъулиятлар борасида иштирокчиларга батафсил маълумотлар тақдим этилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти, шунингдек турли спорт федерация ва ассоциацияларининг масъул ходимлари, жумладан, Замонавий бешкураш федерациясининг бош котиби А.Кадиров ҳамда соҳада фаолият юритаётган бошқа мутахассислар фаол иштирок этишди. Семинар давомида амалиётда учраётган муаммолар, уларнинг сабаблари ва ечим йўллари юзасидан очиқ мулоҳазалар билдирилиб, самарали таклиф ва тавсиялар алмашилди. Тадбир спортда ҳалоллик ва шаффофликни таъминлашда муҳим қадам бўлди. Ушбу ўқув-семинар антидопинг сиёсати юзасидан билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш, шу соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг малакасини оширишга хизмат қилди. Замонавий бешкураш федерацияси доим соғлом ва ҳалол спорт ғояларини қўллаб-қувватлайди!