Contenuto
Давлатимиз раҳбари ИҲТ саммитида: "Бугунги кунда барчамиз глобал ва минтақавий вазиятнинг тобора мураккаблашиб бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Давом этаётган пандемия таъсирида жаҳон иқтисодиёти ривожида қандай тенденциялар кузатилади, халқаро ҳамжамият яна қандай янги хавф-хатарларга дуч келади, деган саволларга ҳамон аниқ жавоб йўқ. Бундай ўзгарувчан шароитда қуйидаги устувор йўналишлар бўйича умумий саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Биринчи йўналиш – 500 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган, улкан бозорга эга бўлган мамлакатларимизнинг савдо ва инвестиция соҳаларидаги катта имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарур. Қабул қилинган “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти истиқболлари – 2025” концептуал дастури асосида мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларини янада кенгайтириш ва энг муҳими, амалий натижадорликка эришиш мақсадга мувофиқдир.