Kandungan siaran
Лойиҳа доирасидаги ишларни Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳри, Бухоро вилоятининг Когон шаҳри ва Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳарларида амалга ошириш белгиланган. Мазкур лойиҳа Чортоқ, Когон ва Янгийўл шаҳарларидан бошлаб Ўзбекистоннинг ўрта шаҳарларида шаҳар инфратузилмаси, жамоат жойлари ва коммунал хизматларни ривожлантиришга кўмаклашади. Чортоқ шаҳрида ҳам маҳаллий, ҳам хорижий сайёҳларга мўлжалланган соғломлаштириш туризмини ривожлантириш бўйича республикада биринчи эко шаҳарни яратиш режалаштирилмоқда. Марко Мантованелли ва Анваржон Отаходжаев биргаликда Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳридаги лойиҳа объектларига ташриф буюришди, шу жумладан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётган маъмурий бино ва собиқ 17-сон болалар боғчаси биносининг энергия самарадорлигини ошириш орқали боғча биносини ёшлар ижодиёти маркази ва музейга мослаштириш бўйича иш жараёнлари билан танишишди. Шунингдек, делегация ҳудудларни ободонлаштириш ва санаторий ҳудудини шаҳар билан, шунингдек айрим қишлоқ ва маҳаллалар билан боғлаш мақсадида Чортоқсой дарёси бўйлаб 11 км.дан иборат пиёдалар ва велосипедчилар эко-йўлакчасини қуриш кўзда тутилган лойиҳа зоналарига ташриф буюрдилар. Шу билан бирга, Эко-йўл ҳудудида оилавий дам олиш ва кўнгил очиш жойларини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, у ерда пиёда юриш, спорт билан шуғулланиш, кичик тематик оммавий тадбирларни ўтказиш мумкин бўлади ҳамда хавфсизликни таъминлаш учун ҳудудда кузатув камералари ўрнатилади. Розанна Нити ўз тақдимотида бу Эко-йўлакча нафақат одамларни бирлаштириши, балки чортоқликларнинг ва кўп сонли меҳмонларнинг ҳам севимли зиёратгоҳига, бир пас бўлса-да, ҳордиқ чиқарадиган масканларидан бирига айланишига ишонч билдирди. Шу билан бирга, ушбу лойиҳа тажриба-синов лойиҳаси ташаббуси сифатида амалга оширилаётгани ва илгари бундай лойиҳалар Ўзбекистонда татбиқ қилинмаганлиги қайд этилди. Лойиҳанинг асосий мақсади шаҳарсозлик ечимлари орқали шаҳарнинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшишдир. Чортоқда асосий эътибор соғломлаштириш туризмини ривожлантириш учун имкониятлар яратишга қаратилган. Чортоқ тумани ўзининг "Chortoq" минерал суви ва соғломлаштириш оромгоҳи билан кенг танилган. Бугунги кунда ташриф буюрувчилар сони йилига 20-25 мингга яқин. Шу билан бирга, томонлар сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун инфратузилмани ошириш зарурлигини таъкидладилар, ушбу мақсадлар учун лойиҳа доирасида ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини реконструкция қилиш кўзда тутилган, дея қўшимча қилди лойиҳани амалга ошириш гуруҳи директори Гофур Атаханов. Ўз навбатида, А. Отаходжаев КОВИД-19 пандемияси даврида ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши сезиларли даражада пасайганлигини, аммо пандемиядан кейин жиддий натижаларга эришилаётганини таъкидлади ва тез орада ўз самарасини беришига умид билдирди. Ташриф якунлари бўйича жаноб Мантованелли Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукумати томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар қўллаб-қувватланаётганидан мамнунлигини ҳамда лойиҳа бўйича жуда яхши натижаларга эришилаётганини таъкидлади ва ўз навбатида лойиҳани амалга оширишни жадаллаштиришга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. |Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш лойиҳасининг расмий канали