Содержимое
2026 йил 16 апрель куни Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида жойлашган “Машъал” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Pro bono тизими доирасида сайёр қабул тадбири ташкил этилди. Мазкур тадбирда жами 50 нафарга яқин маҳалла аҳолиси иштирок этди. Сайёр қабул жараёнида фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларни қийнаб келаётган ижтимоий-ҳуқуқий муаммолар атрофлича ўрганилди. Мурожаатлар асосан жиноят-процессуал масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти, шунингдек, меҳнат ва оилавий муносабатлар билан боғлиқ муаммолар юзасидан бўлди. Жумладан, фуқаролар томонидан жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов жараёнлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлар, ҳимоячи ёллаш тартиби, шунингдек, процессуал қарорлар устидан шикоят қилиш механизмлари бўйича саволлар кўтарилди. Шу билан бирга, меҳнат муносабатлари доирасида ишдан ноқонуний бўшатиш, иш ҳақини ундириш ва меҳнат шартномаларини расмийлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Оилавий муносабатларга оид мурожаатларда эса алимент ундириш, ажрим жараёнлари ва оилавий низоларни тинч йўл билан ҳал этиш имкониятлари юзасидан тушунтиришлар берилди. Сайёр қабулда Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев, Жиноят процессуал шўбаси профессори Гулчеҳра Тўлаганова ҳамда шўба доценти Моҳигул Қодирова иштирок этиб, барча мурожаатлар юзасидан амалдаги қонунчилик нормалари асосида батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар бердилар. Шунингдек, фуқароларга судгача низоларни ҳал этиш тартиби, тегишли давлат органларига мурожаат қилиш, судга ариза киритиш, далиллар тўплаш ҳамда ҳуқуқий ҳимоя воситаларидан самарали фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар тақдим этилди. Тадбир якунида иштирокчиларга келгусида бепул ҳуқуқий ёрдам олиш имкониятлари, жумладан, Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси фаолияти ва унинг алоқа маълумотлари ҳақида қўшимча маълумотлар берилди.