Vsebina objave
СТАРТАП БУ КАФОЛАТЛАНГАН ДАРОМАД ЛОЙИҲАСИ ЭМАС, КЕЛАЖАК УЧУН САРМОЯ. Бугун кўпчилик стартапни оддий бизнес деб ўйлайди, фойда қилмаса демак муваффақиятсиз. Аммо инновация иқтисодиёти бундай ишламайди. Стартап бу кафолатланган даромад лойиҳаси эмас, бу юқори рискли тажриба, янги технологияни синаш, бозорда ўз ўрнини топиш учун кураш жараёни. АҚШда стартапларнинг 70–80 фоизи, Сингапур, Германия ва Австралияда 70–75 фоизи, Швейцария ва Жанубий Кореяда 60–65 фоизи бозор босқичида муваффақиятсизликка учрайди. Демак, муваффақиятсизлик тизим хатоси эмас. Бу инновациянинг табиий қисми. Стартапни фақат фойда мезони билан баҳолаш инновацияни тушунмасликдир. Чунки стартапнинг вазифаси дарҳол пул ишлаш эмас, балки янги маҳсулот, янги технология ёки янги ечимни яратиш, синовдан ўтказиш ва келажакда катта иқтисодий қиймат шакллантиришдир. Давлат стартапни молиялаштирар экан, у кафолатланган фойдага эмас, балки илмий-технологик ривожланиш имкониятига сармоя киритади. Бу стратегик қарор. Инновация хавфсиз ҳудудда туғилмайди. У риск бор жойда пайдо бўлади. Рискни бутунлай йўқ қилсак, инновация ҳам йўқолади. Шунинг учун стартапларни оддий фойда келтирувчи корхона сифатида эмас, балки келажак иқтисодиётини шакллантирувчи тажриба майдони сифатида кўришимиз керак. Муваффақиятсизликдан қўрқадиган тизим инновация ярата олмайди. Рискни бошқара оладиган тизим эса эртанги кунни яратади. 👉🏻Каналга уланиш – @uz_sfa