Vsebina objave
ПРОКСИ УРУШ (proxy war, прокси война) – билвосита уруш, яъни қудратли давлатлар томонидан қўзғатилган, бироқ уларнинг ўзи бевосита (расман) иштирок этмаётган қуролли кураш; бегона қўллар ёрдамида амалга ошириладиган уруш (Дуайт Эйзенхауэр). Карл Дойч томонидан берилган классик таърифга кўра, прокси уруш “Учинчи давлат ҳудудида юз бераётган қуролли ҳаракатлар ёрдамида ва унинг ресурсларидан фойдаланган ҳолда ҳамда ушбу давлатдаги ички конфликтни ҳал этиш ниқоби остида ўз мақсадларига эришишга интилаётган икки давлат ўртасидаги халқаро конфликт”. Прокси уруш “миллий мақсадларга эришишнинг энг арзон йўли” (Эйзенхауэр), деб таърифланади. Чунки бевосита қуролли тўқнашувдан фарқли ўлароқ, прокси уруш иқтисодий ва молиявий жиҳатдан камхаражат ҳамда расмий ҳукумат учун жиддий сиёсий оқибатларга эга бўлмайди. Учинчи давлат, одатда, дунё ёки минтақанинг қудратли давлати, ўзининг геосиёсий манфаатларига эришиш йўлида муайян бир ички конфликт томонини ҳарбий, молиявий ва сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Бугунги кунда прокси урушлар дунёда юз бераётган замонавий қуролли конфликтларнинг характерли хусусияти ҳисобланади. Афғонистон, Ироқ, Сурия, Украина ва Ямандаги қуролли конфликтлар бунга мисол бўла олади. Миллий ва халқаро хавфсизлик. Луғат-маълумотнома / И.И.Бобоқулов. Қайта ишланган ва тўлдирилган иккинчи нашри. – Тошкент: Олий мактаб, 2025 – 173 б. ✅Kanalga ulanish: 👉🏻@uz_sfa