Vsebina objave
Қирғизистон парламенти ўз-ўзини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилди. Энди нима бўлади? Қирғизистон парламенти 25 сентябрь пайшанба куни ўзини-ўзи тарқатиб юбориш тўғрисидаги қарор лойиҳасини қабул қилди. 32 нафар депутатдан иборат ташаббускор гуруҳ томонидан илгари сурилган таклифни мажлисда иштирок этган 89 нафар парламент аъзосидан 84 нафари қўллаб-қувватлади. Ушбу масала юзасидан маъруза қилган депутат Улан Примов парламент сайловлари 2026 йил ноябрь ойида ўтказилиши режалаштирилганини, бироқ ундан икки ой ўтиб - 2027 йил январь ойида президентлик сайловлари бўлиб ўтиши лозимлигини эслатиб ўтди. Примовнинг фикрича, икки сиёсий воқеа орасидаги қисқа вақт оралиғи сиёсий беқарорликни келтириб чиқариши ва ҳокимиятнинг барча тармоқлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис, "мамлакатда сиёсий тизим ва барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадида" парламентга ўз ваколатларини ихтиёрий равишда топшириш таклиф этилди. Депутатнинг таъкидлашича, бундай қарорнинг яна бир муҳим омили сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар бўлди (сайлов тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар мамлакат президенти Садир Жапаров томонидан 2025 йил июнь ойида имзоланган эди. - Таҳририят). Парламент раиси Нурланбек Турғунбек ўғли муддатидан олдинги парламент сайловлари 2025 йил 30 ноябрга белгиланишини маълум қилди. Ўзини-ўзи тарқатиб юборишига қарамай, депутатларнинг ваколатлари янги чақириқ депутатлари келгунига қадар сақланиб қолиши, зарур ҳолларда эса раис парламент аъзоларини навбатдан ташқари сессияга чақириши мумкинлигини таъкидлади. 👉🏻@uz_sfa