TGTGInsighttelegram intelligenceLIVE / telegram public index
← SIYOSIY FANLAR AKADEMIYASI
SIYOSIY FANLAR AKADEMIYASI avatar

TGINSIGHT POST

Post #251

@uz_sfa

SIYOSIY FANLAR AKADEMIYASI

Ogledi808Število ogledov
Objavljeno4. okt.04. 10. 2025, 04:05
Vsebina

Vsebina objave

Ўтаётган ҳафтада Европа сиёсий ҳамжамиятида Украина ва Молдовани аъзо сифатида қабул қилиш, Россиянинг музлатилган активларини Украинага бериш каби масалаларда Венгриянинг ветосини айланиб ўтиш йўллари изланаётгани кўп кўзга ташланди. Ҳаммани қизиқтираётган савол эса табиийки – “қандай қилиб?”. Маълумот учун: Европа Иттифоқи тўғрисидаги шартноманинг 49-моддасига кўра Иттифоққа янги аъзоларни қабул қилиш Европа кенгаши аъзоларининг (давлат раҳбарларидан иборат) якдил овози билан амалга ошади. Аъзоликкача бўлган тайёргарлик билан боғлиқ масалалар бўйича қарорлар малакали кўпчилик овози билан қабул қилинади. Бир сўз билан айтганда, бунинг иложи йўқ. Биринчидан, ветони айланиб ўтишнинг ягона йўли Венгрияни ушбу ҳуқуқдан мосуво қилиш ҳисобланади. 2024 йилнинг январь ойидан ЕИ институтларида Венгриядан вето ҳуқуқини олиб қўйиш масаласи муҳокама қилиб келинади. 2025 йилнинг 27 май куни бу масала ҳатто ЕИ Кенгаши йиғилиши кун тартибига ҳам қўйилган. Иттифоқ тўғрисидаги шартноманинг 7-моддасида Европа қадриятларини доимий ва жиддий бузганлик учун аъзо давлатнинг Кенгашдаги ҳуқуқларини чеклаб қўйиш мумкинлиги ёзилган. Бироқ, бунинг учун ҳам қолган аъзоларнинг якдил овози керак. Кенгашдаги Словакия, Польша ва Чехия каби давлатлар Венгриянинг “эски дўстлари” ҳисобланади ва уларнинг Будапештга қарши овоз бериш эҳтимоли минимал. Иккинчидан, Венгрияни вето қилмасликка кўндириш – анча ҳаётийроқ вариант. Бунда, табиийки, Брюссель ва Будапешт ўртасида "савдо" кечади. Мисол учун, 2025 йилнинг январь ойида Венгрия Россияга қарши санкцияларни узайтириш қарорига вето қўлламаслик учунмиллий энергетик хавфсизлиги учун кафолатлар олган эди. Кафолатларнинг асосий бандлари эса Венгрияга Россия энергоресурсларидан фойдаланиш бўйича мажбурият юкламаслик, Украина орқали ўтадиган газ қувурлари хавфсизлигини таъминлашдан иборат бўлган. Бироқ, бу сафар масала жуда жиддий – Украинанинг аъзолик масаласи. Бунга кўндириш учун Еврокомиссия Венгрияга мисли кўрилмаган қизиқарли таклиф билан чиқиши керак. Ҳозирги оғир иқтисодий вазиятда бу каби таклиф билдириш шунчаки имконсиз. Учинчидан, Венгрияни мажбурлаш ҳам бир муқобил. Бу ҳақида жуда кўп фикрлар ёзиш мумкин. Мисол учун, Венгрияга ажратиладиган маблағларни музлатиб қўйиш, алоҳида мамлакатлар томонидан иқтисодий санкциялар қўлланиши ва ҳоказо. Бироқ, бу каби чоралар аллақачон қўлланилмоқда ва Будапешт аллақачон улардан қўрқмай қўйган. Яна бир муҳим жиҳат, ҳозирда ЕИда ўз қишлоқ хўжалигини Украинанинг арзон маҳсулотларидан ҳимоя қилишга астойдил киришган кўп сонли давлатлар бор. Улар ўз ниятларини ошкор қилмаётган бўлсалар-да, Венгриянинг позицияси уларга мойдай ёқмоқда. Охирги сиёсий жиҳат: кўпгина аъзо давлатлар учун Венгрия мисолида прецедент яратилиши жуда ёмон хабар. Масалан, қачондир Туркиянинг аъзолик масаласи кўтарилиб, бунга тиш-тирноғи билан қарши давлатлар – Кипр ва Греция ҳозирги Венгриянинг ҳолига тушиб қолиши мумкин. Худди шу каби хавотирлар Шимолий Македония билан адоват сабабли Болгария ва Грецияда, Сербия билан келишмовчилик туфайли – Хорватия, Руминия ва Болгарияда, Косовони тан олмаган Испанияда (Каталония муаммоси) ҳам бор. Хулоса шуки, Украинанинг ЕИга аъзолик масаласи кун тартибидаги масала сифатида кенг сиёсий дискурс яратиш билан чекланиб қолади. 👉@uz_sfa