Vsebina objave
Бюджетни қабул қилишда парчаланган парламентни айланиб ўтиш ўрнига у билан келишувга эришишни истаган бош вазир Себастьен Лекорню бугун истеъфо берди. Истеъфо ҳукумат шакллантирилганидан 14 соат ўтиб содир бўлди. Нега парламентни айланиб ўтишни истамади? Чунки аввалги бош вазирлар 2023 йилги пенсия ёшини 62 дан 64 га ошириш бўйича қонунга парламент қарши чиққан, ўшандаги бош вазир Элизабет Борн эса Франция Конституциясининг 49.3-моддасини (ҳукуматга парламент овозисиз қонун қилишга имкон беради) қўллаган ҳолда ислоҳотни амалга оширган эди. Бу ҳолат жамият томонидан анти-демократик ва авторитар чора сифатида қабул қилинган. Шундан кейин парламент иқтисодий қонунларни ўтказмаган, ҳукумат эса 49.3-моддадан яна ва яна фойдаланаверган. Парламент эса жавоб сифатида бунга қўл урган бош вазирларга (Борн, Аталь, Байру)ишончсизлик вотуми билдираверган. Лекорню айнан шу нохуш анъанани бузмоқчи бўлди. Парламент ва ҳукуматни муросага келтиришга уринди. Техник ва вақтинчалик бош вазир бўлиш ўрнига муроса қилиш йўлини танлади. Бошқа томондан, 49.3-моддани ишга солган тақдирда, унинг учун ҳам ишончсизлик вотуми нақд эди. Нега барибир кетди? Шунчаки, у ҳукуматни шакллантиришда хатога йўл қўйди. Лекорню ҳукуматга янги руҳ олиб келишни ваъда берган, парламентдаги блоклар ҳам шу шарт билан уни қўллаб-қувватлашга сукут орқали ризолик билдиришаётган эди. Бироқ, у энг муҳим лавозимларда(молия ва ички ишлар вазирлари) Макроннинг эски вазирларини қолдирди. Бу жамият ва парламент учун, французлар қабили билан айтганда, “янги шишадаги эски вино” эди. Шу сабабли, янги ҳукумат таркиби эълон қилиниши билан барча блоклар уни қўллаб-қувватламаслигини билдирди. Ҳатто партиялар ишончсизлик вотумини тайёрлашга ўзаро келиша бошладилар. Яъни, янги ҳукумат ҳали иш бошламасданоқ ишидан айрилганди. Бундай вазиятда Лекорню нима қилса ҳам ишончсизлик вотумига дуч келарди. У эса шармандали кетишни истамади, дарҳол истеъфо берди. Энди нима бўлади? Барчаси Макронга боғлиқ. Бизнингча, у қуйидаги йўлдан боради: 1. Нейтрал бош вазир номзодини киритиш ва янги (муддатдан олдинги) сайловгача вақт ютиш. 2. Сиёсий “совға-саломлар” эвазига рақиб партиялар билан янги коалиция тузиш. 3. Парламентни тарқатиб юбориш ва сайлов ўтказиш. Бунинг моҳияти шуки , Макрон бир неча ой ичида вазиятни қўлга олгач, парламентни тарқатиб юборади. Бироқ, бу жуда рискли. Унинг центристик иттифоқи йилдан-йилга электоратини йўқотиб бормоқда. Агар янги сайловда ғалаба қозона олмаса, президентлигининг қолган муддатини (2027 йилгача) қўғирчоқ президент сифатида ўтказиши мумкин. Хуллас, Макрон ёмон қарорлар ичидан камроқ ёмонини танлашга мажбур. 6 октябрь бунчалар узун бўлмаса. Балки бу Франция учун “асрга татигулик кун”дир?! 👉🏻Каналга уланиш – @uz_sfa