Vsebina objave
ЖАМИЯТ МАНФААТЛАРИ (public interests, интересы общества) – жамият аъзоларининг англанилган/англаб етилган умумий, коллектив эҳтиёжлари. Ушбу гуруҳ манфаатлар, авваламбор, жамият фаровонлиги, барқарорлиги ҳамда изчил ривожланиши билан боғлиқ эҳтиёжлар ҳисобланади. Миллий хавфсизликка оид концептуал ҳужжатларда жамият манфаатлари ҳаётий муҳим миллий манфаатларни ташкил этиб, жамиятнинг миллий-маънавий қадриятлари ва моддий бойликлари тарзида ифодаланади. Жамиятнинг ҳаётий муҳим манфаатлари: миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш; аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ва онгини шакллантириш ҳамда сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш; миллатнинг маънавий тикланишини ҳамда миллий ўзлигини англашнинг ўсиб боришини таъминлаш; жамиятнинг интеллектуал, маърифий ва маданий салоҳиятини ривожлантириш ва бошқалардан иборат. Ушбу манфаатларни амалга ошириш ва жамият тараққиётига ғов бўлиб турган шарт-шароитлар, жараёнлар ва омиллар жамият хавфсизлигига хавф ва таҳдид сифатида кўрилади. Хусусан, муайян халқнинг тарихи, тили, маданий ва маънавий қадриятларини бузиб кўрсатиш, жамиятнинг ҳуқуқий ва маънавий асосларини, фуқаролар тинчлиги, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни емириш мақсадини кўзлаган фаолият шулар жумласидандир. Сиёсий реализм вакиллари “миллий манфаат” ва “жамият манфаатлари” тушунчаларини бир-биридан фарқлаб, жамият манфаатларини ички давлат муносабатларига хос ҳодиса деб тавсифлайдилар. 👉🏻Каналга уланиш – @uz_sfa