Vsebina objave
МИНТАҚАВИЙ ХАВФСИЗЛИК (regional security, региональная безопасность) – халқаро хавфсизликнинг таркибий қисми; хавфсизликнинг нисбатан мустақил даражаси бўлиб, муайян минтақа давлатларининг суверен ривожланиши учун энг мақбул халқаро ҳуқуқий, институционал, иқтисодий ва бошқа шарт-шароитларни яратиш имкониятини берувчи халқаро муносабатларнинг ҳолатини ифодалайди. Хавфсизлик қатъий ҳудудийликни тақозо этади, яъни ушбу ҳодисанинг концептуаллашуви ҳудудийлик фундаментал хусусияти ҳисобланган ҳамда ўз чегараларига эга бўлган муайян маконда юз беради. Минтақавий хавфсизлик шундай моделлардан биридир. Минтақанинг ҳар бир давлати муайян ҳудуд “соҳиби” ҳисобланади. Шу билан бирга, минтақа географик жиҳатдан ўзаро яқин жойлашган ҳудудий суверен давлатларнинг йиғиндисини ташкил этади. Мазкур маконда хавфсизлик, авваламбор, минтақа давлатларининг ўзаро мулоқоти ва муносабатларининг даражасига боғлиқ. Чегарадош давлатлар омили минтақа давлатларининг хавфсизлик сиёсатини белгилашда муҳим саналади. Минтақавий хавфсизлик БМТ доирасидаги ялпи халқаро хавфсизликнинг таркибий қисмини ташкил этиб, миллий хавфсизликка нисбатан оралиқ ва уни халқаро хавфсизлик билан боғловчи бўғин сифатида намоён бўлади. Хавфсизликнинг минтақавий муҳити халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлашда коллектив чораларни амалга ошириш макони бўлиб хизмат қилади. БМТ Низомида халқаро ва минтақавий хавфсизликнинг ўзаро боғлиқлиги ва таъсири масалалари минтақавий битимлар ва органларнинг БМТ билан ўзаро ҳамкорлиги нуқтаи назаридан кўрилади. 👉🏻@uz_sfa