Vsebina objave
Марказий Осиё жаҳон сиёсатида Сиёсий фанлар доктори, профессор Ровшан Алимовнинг «Марказий Осиё жаҳон сиёсатида» номли янги китоби кенг китобхонлар эътиборига ҳавола этилди. Ушбу асар Марказий Осиё минтақасида кечаётган замонавий геосиёсий жараёнларни чуқур илмий таҳлил қилишга бағишланган бўлиб, глобал тенденцияларнинг халқаро хавфсизлик тизимига таъсири, жаҳон сиёсий тартибида юз бераётган асосий ўзгаришлар атрофлича ёритиб берилган. Муаллиф асарда Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ишонч, яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббусларининг тобора ортиб бораётган аҳамиятини илмий асосда таҳлил қилади. Шунингдек, давлат раҳбарларининг маслаҳат кенгаши минтақада ўзаро қўллаб-қувватлаш, интеграция ва стратегик шерикликка таянган янги сиёсий-минтақавий архитектурани шакллантиришда муҳим институт сифатида талқин этилади. Монографияда Марказий Осиёнинг бугунги сиёсий манзараси, минтақавий барқарорлик, хавфсизлик таҳдидлари ва барқарор тараққиёт истиқболлари илмий-назарий қарашлар ҳамда амалий мисоллар уйғунлигида баён этилган. Асар энг долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан чуқур таҳлилий хулосаларни ўртага ташлаши билан ажралиб туради. «Марказий Осиё жаҳон сиёсатида» китоби сиёсатшунослар, халқаро муносабатлар соҳаси мутахассислари, тадқиқотчилар, талабалар ҳамда минтақада кечаётган сиёсий жараёнларга бефарқ бўлмаган барча китобхонлар учун муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилади. 👉🏻@uz_sfa