Садржај поста
Мен 34 ёшдаман. Турмушдан ажрашганман. Бир нафар фарзандим бор. Ҳозирда унинг тарбияси билан ёлғиз шуғулланяпман. Ҳаётдаги оғир синовлардан кейин нафақат она, балки мустақил инсон сифатида ҳам ўз ўрнимни топишга интилдим. Лекин афсуски, жамиятдаги айқаш-уйқаш қарашлар бу йўлни анча мураккаблаштирди. Ҳижоб ўраган опа-сингилларга ҳавас қилардим. Гўеки ҳижобли аёл мен учун фаришта, уларнинг эркаклари ҳақиқий мўмин-мусулмонлардек туюларди. Шу боис мен ҳам ҳижобга кириб, тушунганимча ибодат қила бошладим. Уйладимки, ҳижобли аёл ортиқча гап сўз ва шилқимликлардан ҳимояланади деб. Аммо, ҳижобга киргач, мен диндор деб биладиган таниш нусхаларнинг мени “енгилтак” ҳисоблаб, турли хил имо-ишоралар қилиб мени тўшакка таклиф қилишлари, шаҳватона қарашлари, ҳаттоки, очиқдан-очиқ шилқимликлардан ҳам ҳимоя қила олмаслигига гувоҳ бўлдим. Кўчада юрганимда ҳар хил ёшдаги эркакларнинг назари, сўз ташлашлари, ҳатто ҳаёдан йироқ таклифлари билан тўқнаш келдим. Бир куни бир оёғи ерда-бир оёғи гўрда бўлган додадан “дачага таклиф” олдим. Чолнинг юзсизликка қарши қаттиқ жавоб беришимга тўғри келди-ю. Дарҳол англадим: аёлнинг қандай кийиниши эмас, жамиятнинг аёлга қандай қараши муҳим экан. Ҳижоб мени ҳимоя қила олмади. Чунки муаммо менинг кийинишимда эмас, балки ўзини ҳар нарсага ҳақли деб биладиган эркаклар онгида экан. Бу мен учун муҳим хулоса бўлди. Бугун мен ҳижобни ечдим. Бу орқали мен ўзимни жамиятдан узишни эмас, балки ўзим бўлишни танладим. Қадримни қайта тикладим. Илгаригидек замонавий, аммо барибир тарбияли ва фахрли ҳолимга қайтдим. Чунки билиб турибман: мени ҳурмат қилган инсон ҳар қандай ҳолатда менга инсоф билан қарайди. Ирода Абдурасулова https://t.me/daydi2021