Садржај поста
“Яхшилик қилиш бу Ердаги уйинг учун тўлайдиган ижара ҳақингдир.” Замон ўзгарди.Одамлар ҳам аввалгидек эмас. Бир вақтлар қўшнининг дарвозаси очиқ қолса, хавотир билан кириб, “ҳаммаси яхши-ми?” дердик. Бугун эса қўшнимиз касал бўлиб қолса, кириб хабар ҳам олмаймиз, ўлиб қолса 1-2 соат ғамга ботгандек кўриниб, қўшнилар чатига “инна илахи инна лиллахи рожиун” деб ёзиб қўямиз бўлди. Технологиялар асрида эмас совуқ юраклар асрида яшаяпмиз. Одамлар юзидаги ним табассум муғомбирона, кўзларида меҳр ўрнида макр уйнайди. Битта “лайк” учун одамлар инсонийлигини йўқотишяпти. Битта видеонинг кўрилиши учун ҳаётини, оиласини, иффатини қурбон қилишаяпти. Интернет орқали дунё бирлашди, лекин қалблар ажралиб кетди. Меҳр, муҳаббат, инсоф деган тушунчалар экран орқасида қолди. Бир пайтлар дастурхон атрофида суҳбатлар бўларди ҳозирги давраларда ҳаммани қўлида телефон, қорни тўқ, аммо қалби оч. Ҳаттоки намозни бир сафда ўқиганлар ҳам кўчага чиққач, бири иккинчисига ёвқараш қилади.Масжидда “биродар” деб калла уриштирадида, ташқарида унга ҳасад қилади. Қадимда одамлар ўзини жонни бериб ҳам инсонийликни сақларди. Энди эса одамлар бир-бирига муҳтож эмасдек яшайди. Аварияга учраганга ёрдам бериш ўрнига, видео контент қилиб, машҳур бўлишни ўйлайди. Ҳатто муқаддас Каъбада ҳам тарафкашлик авжида. Мусулмонлар бир-бирини итариб, уриб-суриб қора тошни ялайди. Аллоҳнинг уйида ҳам нафс устун-а 😔 Яқиндагина яқинини қабрга қўйганлар, икки соат ўтмасдан YouTube’да видео кўради. Instagram’да лайк босиб ўтиради. Йиғи ҳам, аза ҳам сунъий бўлиб қолди-я 😢 Одамлар яхши бўлишни унутди. Яхшилик қилиш учун сабаб керак деб ўйлайди. Аммо инсон бўлишнинг ўзи етарли сабаб эканини фаҳмламайди. Биз бу Ерда меҳмонмиз. Ҳақиқий уйимиз абадий дунёда. Бу дунёда эса фақат бир нарса талаб қилинади холос. Бошқаларга яхшилик қилиш, уларнинг оғриғини енгиллатиш, инсон бўлиб қолиш. Аммо ҳозир кўпчилик бу дунёдаги ижара ҳақини тўлашни унутган. Шунинг учун ҳам оқибат йўқ, юраклардан меҳр ўчган. Ва биз шундоқ ҳолда, бир-биримизга беғам бўлган ҳолда, ҳеч нарса бўлмагандек яшаяпмиз. Лекин дунёмиз бемаъни бўлиб қолмаслиги ҳар биримизга боғлиқ. Инсон ўзлигини англаса яхшилик ҳам йўқолмайди. Меҳрли қалбимизни уйғотишимиз керак. Постни 1995-йилгача туғилганларга улашинг. https://t.me/daydi2021