TGTGInsighttelegram intelligenceLIVE / telegram public index
← Дайди ўқ
Дайди ўқ avatar

TGINSIGHT POST

Post #3215

@daydi2021

Дайди ўқ

Прегледи11,100Број прегледа
Објављено28. јан28.01.2026. 07:13
Садржај

Садржај поста

📱Собиқ эр-хотин Афросиёб поездида тасодифан учрашиб қолишди. Мунаввара аллақачон жойига ўтириб бўлган эди. Вагон дерезасидан йўлга қараб, поезд ҳаракатини кутарди. Маҳмуд кириб келганда, уни дарров таниди. Тан олмасликнинг иложи йўқ эди. Шу овозсиз лаҳзада вақт бир зумга тўхтаб қолгандек бўлди. Қочишмади. Ҳаёт уларни аллақачон бошқа одамларга айлантирганди. Ёш болалардек ўзини йўқотадиган давр орқада қолган. Ажрашиш ҳам осойишта ўтган. Ортиқча гапларсиз. Бир-бирларига диққат билан қарашди. Ҳатто енгил кулумсираш ҳам ўтиб кетди. Нима бўлган бўлса, қолиб кетган. Барибир икки йил бирга яшашган. Маҳмуд Мунавварага қараб, ўзи ҳам билмаган ҳолда уни баҳолади. Йиллар ўз ишини қилган. Лекин кийиниши ҳали ҳам дидли. Ўзини тутиши ҳам ҳали ҳам тўғри, ишончли. Мунаввара эса унинг пешонасига кўзи тушганини яширмади. Вақт сочлар билан тортишмас экан. Юзи ўзгармаган. Фақат қарашларида оғирлик пайдо бўлган. — Қандай яшаяпсиз? — деди Маҳмуд. — Яхши, — деди Мунаввара. Қисқа жавоб. Ҳеч нарса қўшмасдан. — Ёлғизми ёки… — Уч йил олдин прокурорга турмушга чиққанман, — деди у. — Ишини биладиган одам. Жиддий. Кўп ишлайди. Мен уйдаман. Рўзғор, кундалик юмушлар. Гапини тугатиб, унга қаради: — Энди сиз. Маҳмуд уйланганини айтди. Хотини билан озиқ-овқат дўкони очишган. Уйда етишмовчилик йўқ. Рўзғор ташвишлари кам. Хотини ҳақида гапирар экан, овози бироз юмшади. Ишдан чарчаб келади. Мижозлар асабни ейди. Шу боис саёҳат қилишади. Йилда бир марта бўлса ҳам. Сукунат яна қайтди. Суҳбат ўз йўлини топмади. Мунаввара тўсатдан қайнонасини эслади. Соғлиғини сўради. — Онам вафот этган, — деди Маҳмуд. — Икки йил бўлди. Иккаласи ҳам хўрсинди. Ғам бир зумга ўртага тушди. — Ажрашганимизга афсусландингизми? — деди Маҳмуд. Мунаввара бош чайқади: — Йўқ. Бир оздан сўнг: — Бошида қийин бўлган. Нима учун қийин эканини айтмади. — Сиз-чи? — деди у. Маҳмуд ҳам бош чайқади. Лекин ростдан қоча олмади: — Азобландим. Кейин хотиним мени ушлаб қолди. Ҳозир оиламиз бор. Болалар йўқ. Мунаввара тушунгандек бош ирғади. Афросиёб Жиззахга келиб тўхтади. Маҳмуд умрининг сўнгги бекатида тушиб қолаётгандек хўрсиниб, хоҳламайгина собиқ зотинидан узрқлашди. Охирги бор бир бирларига қарашди. Бош ирғаб, икки томонга кетишди. Маҳмуд хонасига қайтди. Ётоқхона ошхонаси гавжум эди. Шу учун ўз плиткасини ёқиб, чучвара қайнатишга тушди. Ҳеч ким билан гаплашгиси келмасди. Унга ёлғизлик керак эди. Ажрашгандан кейин ҳаёти қийинлашган. Ичиш бошланган. Қарзлар. Онасининг ўлими. Квартирасини сотган. Ҳозир ётоқхонада кичик хонада яшайди. Шу ҳам унга етади. Бошқа аёллар юрагига киролмади. Биринчи муҳаббат у ерда қолиб кетганди. Ўзига ўзи савол берди: — Нега ёлғон гапирдим? Мунаввара ҳам уйига боргач. Йўлакда уни “Прокурор” лақабли мушуги кутиб олди. Ҳар доимгидек жиддий. У ҳам ўйлади: — Нега ростини айтмадим? Одамни ростдан тўсиб турадиган нимадир бор. Ниқоб. Ҳимоя. Қўрқув. Аслида, иккаласи ҳам ёлғиз. Мунавварада мушук бор. Маҳмудда эса сукут. Ўртада девор бор. Ўтмишни ортга қайтармайдиган девор. https://t.me/daydi2021