Inhalt
Азиза: Ҳа, лекин шунга қарамасдан китоб ўқиш учун пул олаётганимдан бошим осмонда эди! Тарих фанлари номзоди Нурёғди Тошев раҳбарлигида илк илмий адабиётлар Анке фон Кюгельгеннинг «Легитимация среднеазиатской династии мангитов в произведениях их историков (XVIII-XIX вв.)» асари билан Индиана университети профессори Devin DeWeeseнинг бир мақоласи танишгандим. Йиллар ўтиб Девин Деуис раҳбарлиги остида илмий иш ёқлаш хаёлимга ҳам келмаган эди. Ўзбекойим: Ўша даврда ҳамма курсдошларингиз олдинма кетин турмушга чиқиб кетаётган паллада, сиз муккасидан кетиб қўлёзмалар чангини ютиб ҳарфма ҳарф кириллга транслитерация билан машғул эдингиз. 2008 йилда Польшага, Варшава университетининг магистратурасида ўқиётган пайтингизда турмуш ўртоғингизни учратдингиз, тарихи қандай эди? Азиза: Гап шундаки, 2009 йилда Польшанинг Варшава университети магистратурасини ўқиб юрган кезларим поляк профессорим бир неча олдин турмуш ўртоғим Ғуломжон Азимовга ҳам дарс берган эди. Домламизнинг менга берган таърифларидан уларда мен билан учрашиш истаги пайдо бўлиб, Америкадан Польшага учиб келдилар. Учрашувдан олдин, мессенжер орқали биринчи гаплашганимиздаёқ, мен PhD қилиш ниятим борлигини билиб, ўз оналарига телефон қилиб, “Онажон, мен бўлажак келинингизни топдим!” деб айтганлар. Қайнонамнинг “У қандай қиз экан? Қаерда яшайди? Ота-онаси ким? Қанчадан бери биласан?” деган саволларига, бўлажак турмуш ортоғим “Бу қиз билан бир неча соат олдин гаплашиб кўрдим, лекин ҳали ўзини кўрмадим” деб айтганлар. Мендан аниқ маълумот ололмаган йигит, ўз оналарини (яъни қайнонамни) онамни қидиришга жўнатадилар. Фақатгина билган маълумотлиги – онамнинг исмлари Сайёра Аҳмедовна, аёллар шифокори бўлиб касалхонада ишлашлари. Шундай қилиб, қайнонам Тошкентда Сайёра Аҳмедовна исмли докторни қидириб онамни топганлар. Совчилар келишувидан сўнг, бизни Варшава шаҳрида учрашишимизга рози бўлишган. Биринчи учрашувимиз шу бўлган. Иккинчи учрашувимиз бир неча ойдан кейин никоҳ куни эди. Икки ақл соҳибининг диллари ҳам бир ёқадан чиқади. 2009 йил август ойида турмуш қурган ёшлар Америка, Калифорнияга жўнаб кетишади. Ғуломжон Тошкент давлат юридик институтини битириб, АҚШда Santa Clara университетининг юридик йўналиши бўйича ўқишни давом эттираётган эди. Ўзбекойим: Азиза Америка Калифорнияда биринчи йили инглиз тилини эшитиш, гапириш кўникмаларини шакллантириш мураккаблик туғдирмадими? Азиза: Тасаввур қилинг, Тошкент шаҳрининг Қорақамиш даҳасида 133-мактабда ўқиганман, оддий мактаб. Кейин Тошкент давлат шарқшунослик институти қошидаги Шарқ тилларига ихтисослашган лицейга таълим олганман. ТДШИда шарқ фалсафаси йўналишида бакалавриатни битириб, бир йил давомида Польшада магистратурани давом эттирганман. Махсус тил тайёргарчилигим бўлмаган, аммо чет элда озгина тажриба орттирган эдим. Инглиз тилида кино кўриб, мусиқалар эшитиб, тил борасидаги тажрибамни оширдим. Бу орада фарзандлик – Лазиза дунёга келди. Азизанинг магистрлик иши Лазиз Азиз-зоданинг “Туркистоннинг уйғониш даври” номли асарининг тадқиқига бағишланарди. Азиза устоз Лазиз Азиз-зодага ҳавас қилиб, қизининг исмини Лазиза деб қўйди. Узоқ океан ортида бир ўзи ҳам чақалоғи, ҳам ўқишини эплаб Индиана-Блумингтон университетининг магистратурасига ўқишга кирди. Азиза ва Ғуломжон 10 ойлик гўдаклари билан Индиана штатига кўчиб ўтишди. 2011-2013 йилларда ўзбек онаси тинимсиз ўқиди, бир қўлида Лазизани ушлаб олиб, иккинчи қўли билан уй ишлари, ўқишни эплади. Лазиза қаттиқ кун тартибига ўргатилган, соат 20:00дан 7:00гача ором олиш пайти. Айнан шу дақиқаларда она мижжа қоқмай инглиз тилида ёзилган мураккаб илмий тилда баён қилган материалларни ҳазм қилиб, кейинги дарсга папер, яъни реферат тайёрларди. Ўзбекистондаги рефератлардан фарқли равишда, унда талабанинг фикри берилиши керак. Азиза ҳар доим имтиёзли баҳоларга ўқиган. Чет тилидаги материални ўзлаштириш, муносиб равишда илмий мақолалар тайёрлаш, ҳар доим “А” ёки “А+” баҳолари (бизнинг тизимдаги 5 ёки 5+ баҳосига) америкалик домлаларини лол қолдирарди.