Inhalt
Охирги пайтда аёлларнинг раҳбар бўлишидан норози бўлаётган оддий мусулмонларнинг овози эшитилиб қолмоқда, “Аёл раҳбар бўлган юрт таназзулга маҳкум”, деганга ўхшаш фикрлар ҳатто мусулмон депутатлар томонидан айтилмоқда. Буларнинг замирида мусулмонча эътиқод, минг йиллик ўзбек менталитетига хос жиҳатлар мавжуд эканини унутмаслик керак. Имом Бухорий бобомиз ва Имом Термизий бобомиз ривоят қилишларича, Кисро вафотидан сўнг форслар унинг қизини подшоҳ қилишганини эшитган Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир ҳадис айтган эканлар. Имом Бухорий бобомиз саҳиҳ ҳадислар тўпламида бу ҳадисни икки марта такрор келтирганлар: لَنْ يُفْلِحَ قَوْمٌ وَلَّوْا أَمْرَهُمْ امْرَأَةً “Ўз ишларига аёл кишини бошлиқ қилган қавм ҳаргиз нажот топмайди!” (Бухорий, 6/4425; 9/7099; Термизий, 4/2262). Ҳақиқатдан ҳам, Эрон шоҳи Хусрав II нинг икки қизи 629-631 милодий йилларда кетма-кет бир-бир ярим йилдан подшоҳлик қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гаплари ўша пайтда ана шу қавмга нисбатан айтилган эди. Бўрон ва Озарми деган икки нафар аёлнинг подшоҳлигидан сўнг Фаррух бир йилдан сал ошиқроқ муддат Эронга шоҳлик қилди, ундан кейин эса қарийб 20 йил Яздигард подшоҳлик қилади. Бунинг даврида мусулмонлар Эронни ўн тўрт йиллик жангу жадаллар эвазига фатҳ қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг башоратлари 25 йилга етмасдан ижобат бўлди. Тарихда аниқ нима юз берганини ва нималар сабаб бўлганини билмадим-у, лекин, ҳарқалай, бутун дунёнинг ўша даврдаги энг-энг қудратли давлати аёллар раҳбарлиги остида ривожланиш ва тараққиётдан орқага кета бошлагани, алалоқибат таназзулга юз тутгани бор ҳақиқатдир.