Inhalt
Биз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи мазҳаблари бўлмиш ҳанафий мазҳабига кўра амал қиламиз. Ҳанафий мазҳабининг фатво тўпламлари ва фиқҳий матн китобларининг барчасида аёл киши қози бўлиши мумкинми, деган масала ўртага ташланган. Жавобида эса бунинг мумкин экани алоҳида қайд қилиб кетилган. Масалан, Бурҳониддин ал-Марғиноний бобомиз “ал-Ҳидоя” асарида бундай деганлар: وَ يَجُوزُ قَضَاءُ الْمَرْأَةِ فِى كُلِّ شَئٍ اِلَّا فِى الْحُدُودِ وَ الْقَصَاصِ “Барча нарсаларда хотиннинг қозилик қилиши жоиз бўлади, фақат шаръий ҳад (жазо)ларга ва қасосга ҳукм чиқариш бундан мустаснодир” (Бурҳониддин ал-Марғиноний. ал-Ҳидоя. 2-жилд. – Ҳиндистон: Алавий, 1865. – Б. 90). Аёлларнинг шаръий жазоларни ва қасосни ижро қилишга қозилик қилмасликлари уларнинг қатлдек оғир жазоларни таъйинлашга масъулиятдан озод этиш учун бўлганини тушуниш мумкин. Чунки, бундай ҳолатларда ҳатто уларни гувоҳликка ҳам жалб қилинмаган. Фиқҳий фатво тўпламларида агар аёл қози шаръий жазоларни ва қасосни ижро қилишга ҳукм чиқарса-ю, уни эркак қози тасдиқласа, ҳеч ким бу ҳукмнинг ижросидан бош торта олмайди, дейилган. Машҳур ҳанафий олими, “Баҳр ар-роиқ” асарининг муаллифи Ибн Нужайм ал-Мисрий эса: وَأَمَّا سَلْطَنَتُهَا فَصَحِيحَةٌ وَقَدْ وَلِيَ مِصْرَ امْرَأَةٌ – “Аёл кишининг давлат бошқарувига келсак, бу дуруст бўлади. Мисрга ҳам аёл подшоҳлик қилган эди”, деганди (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 7-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1997. – Б. 8).