Inhalt
Шифо бинти Абдуллоҳ разийаллоҳу анҳонинг ақл-заковати, фаҳм-фаросати, тақво ва ишончлилигига суянган Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу уни кейинчалик бозорларнинг нозири – бозорқўм қилиб қўйганлар. Бу саҳобалар даврида мансабга таъйинланган илк аёл сифатида тарихда қолди. Умуман олганда, саҳоба аёллар орасида шифокорлар, муаллималар, олималар, воиза-тарғиботчилар, тижоратчилар, ҳунармандлар, тадбиркорлари ва боғ-роғи бор боғбон, миришкор деҳқонлари, ҳатто Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам шеърларини эшитиб-тинглаган шоиралари бор эди. Барча даврлар султон ва подшоҳларининг маликалари ва қизлари ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамият касб этиб келганлар. Улар катта-катта вақфлар тузганлар, вақфларни бошқарганлар, мадраса ва шифохоналарга ҳомийлик қилганлар, уларнинг шахсан бошчилигида умумхалқ фойдаланадиган қудуқлар ва анҳорлар қазилган, мадрасалар ва зиёратгоҳлар қурилган. Улар томонидан олимларга ҳомийлик қилинган, улар назоратида илмий асарлар битилган.