Post content
ЎЗИМ БИЛАН ОЧИҚ СУҲБАТ Қорнинг тўқ, устинг бут, ҳаётинг равон, лўкиллаб бормоқда сен минган карвон. Кундуз тундан гўзал, тун кундан сокин, армон туймагансан гўё ҳеч қачон. Фақат ҳадик бордир, ўтмиш ҳақида хаёл сураркансан кўк гумбазлар-ла ёнма-ён бўй чўзган чинор тагида бир мазлум аёлни учратмасанг бас! Танинг соғ, кўз равшан, сочинг қоп-қора, умрга ҳам инар ҳикмат тобора. Қарашларинг тиниқ, фикрлар изчил, сен – бир моҳир меъмор қурган иморат. Фақат қўрқув бордир, тамал тошингни кўтариб қараса, кўзда ёшингни кўрсалар, муҳаббат эгган бошингни надомат ичида чайқатмасанг бас! Бугун табиатга бўлгансан мафтун, борлиқ – ташбеҳ тўла шеърдир сен учун. Чўққилар – Навоий, кенгликлар – Бобур, шафақ чизиқлари – Бедил, сен учун. Фақат бир лекин бор, кимдир ногаҳон, кўнгил китобингни очгани замон борлиқни унутиб, бир қиз учун қон қақшаб, ёқа йиртиб йиғламасанг бас! Тепса тебранмаслар илмини олдинг, олдинг, виждонсизлар зулмини олдинг, Китобларни титдинг, сув қилиб ичдинг, гўё дунё билан сулҳ тузиб олдинг. Фақат бир бироқ бор, айтиш-ку уят, Азроил эшигинг очганда қия, «У дунёда бирга бўламиз!» дея, ўлиминг олдидан ўйламасанг бас! Бек АЛИ 2025 йил. Июль.