@faxriddinhayit · Post #1294 · 09/26/2024, 05:13 AM
#his ✅ Устозимиз Нурбой Жабборов домла шеърларимиз таҳлилига бағишланган “Ер нега кифтини силкиди?” номли мақолани ҳам эълон қилибди. Зийрак олим таҳлиллари давомида бир жиҳатга алоҳида урғу берибдилар: “...Умуман, Фахриддиннинг шеърларида Ер, тупроқ образлари энг фаол қўлланиши кузатилади. Жумладан, “Мен ким ўзи – тупроқдир аслим” сатри билан бошланган “Мен ким ўзи?” шеъри “Она юртим, пойингда хоксор Тупроқ бўлиш қанчалар юксак”, тарзида хулосаланган. “Ёмғир” сарлавҳали шеъри эса “Мен тупроқман безабон, бесас” мисраси билан якунланади...”. Устознинг, аввало, меҳридан, сўнгра топқирлигидан бениҳоя хурсанд бўлдим ва тупроқ тушунчаси ёки образи, деймизми, тупроқ фалсафаси, деймизми, ўзим ҳам бироз изоҳ бергим келди. Публицистикада қоғоз қоралайманми, назмдами, доимо ёзганларимдан тупроқ иси келиб туришини истайман. Чунки, тупроқ бу – тан, бадан, инсон. Биз Одамнинг тупроқдан яралганини идрок этамиз, ишонамиз. Тупроқ бу – ватан, юрт. Инсоннинг олий бурчларидан бири киндик қони томган тупроқни асраш, авайлаш, уни дунёга келтирган она каби меҳр бериш, ундан баҳра олиш саодатидадир. Тупроқ бу – ризқ-рўз, насиба. Қорнингни тўйғизади, бағрида табиат яшиллигининг илдизини тутиб, оламни яшнатиб туради. Тупроқ бу – инсоннинг энг гўзал фазилати ҳам бўлиб, камтаринлик, ҳокисорлик, ҳамиша дунёнинг ўткинчи эканини ҳис қилиб туриш деганидир... 🖊t.me/faxriddinhayit
Hashtags