Contenuto
Халқ таълими вазири “Тошкент ёшлар форуми – 2020”да муваффақиятга эришиш учун ёшларга мотивация берди 18 декабрь куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов “Тошкент ёшлар форуми – 2020”да иштирок этди. Ёшлар билан очиқ мулоқот шаклида ўтган форумда вазир томонидан халқ таълими соҳасининг асосий мақсади ёшларни келгусида муваффақиятга етаклаш эканлиги таъкидланиб, бугунги кунда ҳаётда ўз ўрнини топган чет эллик ҳамда ўзбек ёшлари мисолида муваффақиятга эришиш сирлари, ҳаётни яхши томонга ўзгартириш бўйича мотивация берилди. Шунингдек таълим сифати бўйича қўйилган мақсадлар, жумладан таълим сифати бўйича Ўзбекистонни 2030 йилгача Жаҳоннинг TOP 30 та мамлакатлар қаторига киритиш бўйича истиқболли режалари билан бўлишди. Мотивацион руҳда ўтган тақдимотдан сўнг вазир ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб бериб, уларнинг таълим соҳаси бўйича таклифларини эшитди. Эслатиб ўтамиз, 18-21 декабрь кунлари Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида пойтахтда илк маротаба “Тошкент ёшлар форуми – 2020” ўтказилмоқда. Форум доирасида Ўзбекистон тарихида илк маротаба ёшлар ҳукумат аъзолари билан ўзаро очиқ мулоқотга киришмоқдалар.