Contenuto
Айни дамда Тошкентда бўлиб ўтаётган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги олий даражали халқаро конференция доирасида Ўзбекистонга дунёнинг 27 та давлатидан 80 га яқин хорижий журналистлар ташриф буюрган. Улар бугунги кунда Ўзбекистонда турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар билан танишиш баробарида давлат ташкилотларининг фаолиятини ўрганмоқда. Куни кеча германиялик журналист, "N-Ost" Янгиликлар агентлиги мухбири Эдда Шлагерга ҳамкасби сифатида ҳамроҳлик қилдим. У билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида бўлдик. Германиялик ҳамкасбимда вазирликнинг замонавий ва инновацион дизайни ўзгача таасурот қолдирди. Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов билан бўлган сухбат давомида эса Ўзбекистонда инновацион ривожланиш билан боғлиқ амалга оширилаётган ишлари билан қизиқди. Бугун Эдда билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов билан учрашдик. Институт раҳбариятининг Эдда билан соф немис тилидаги сухбати у учун кутилмаган совға бўлди. Унинг ҳайрати ва ҳурсандчилигининг чеки йўқ эди, у ўзбекистонлик инсоннинг унинг она тилида жуда равон гапиришидан ўзининг ҳайратини яшириб ўтирмади. “Ўзбекистонликларнинг бу даражада немис тилида сўзлаша олишини умуман кутмагандим, бугун мен ўзим жуда истаган муҳим мавзуда чет эллик инсон билан менинг она тилимда сухбатлашишга муваффақ бўлдим, бу мен учун узоқ вақтга етадиган таасурот бўлиб қолади" — дейди Эдда. Тўғриси, чет эллик ҳамкасбимнинг менинг юртдошларим ҳақидаги илиқ таасуротлари ва юқори баҳосидан ғурурга тўлдим. Умуман олганда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги олий даражали халқаро конференция биз журналистларга чет эллик ҳамкасбларимиз билан мулоқотда бўлиш, тажриба алмашиш учун ажойиб имконият бўлди десак муболаға бўлмайди.