Contenuto
"ШЕРЗОД ШЕРМАТОВ НЕГА ХАЛҚ ТАЪЛИМИДАН АКТГА ҚАЙТДИ?" Кечадан бери менга берилган энг кўп савол шу бўлди. Аслида бу савол ўзимга ҳам жуда қизиқ эди. Кеча Вазирлар Маҳкамасида раҳбарлари алмашган икки вазирлик вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ўтган йиғилишда нима сабабдан Шерзод Шерматов қайта АКТ соҳасига раҳбар бўлганига жавоб топдим. Энди Шерзод Шерматовга Ўзбкистон иқтисодиётини рақамлаштириш каби янада улкан ва масъулиятли вазифа топширилди. Бугун замон шиддат билан ривожланиб бораётган бир вақтда бу масала нақадар долзарблигини ва бунга эришиш аслида нафақат халқ таълими балки ҳар бир соҳа ривожи учун жуда аҳамиятли эканлигини ҳаммамиз биламиз. Шу ўринда Шерзод Хотамович Шерматовнинг собиқ матбуот котиби сифатида ўзимнинг айни дамдаги ўй фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман. Вазирим билан 1 ярим йиллик фаолиятим аслида менга улкан тажриба бўлди. Энг катта тизимда муваффақиятли фаолият олиб бориш учун раҳбарингни қўллаб-қувватлаши жуда муҳим. Матбуот котиблари билади, сени доим қўллаб-қувватлайдиган, зарур пайтда ҳимоя қила оладиган, ҳамкасблар ва ОАВ олдидаги нуфузингни кўтариб турадиган раҳбар билан ишлаш бу катта ОМАД аслида ва ҳаётимда Шерзод акадай раҳбар билан ишлаганим Оллоҳим менга берган жудаям катта иноятлардан бири деб биламан. Шерзод ака вазир бўлганларида мен ОАВда журналист сифатида фаолият юритардим ва ўшанда энди фарзандларимиз келажаги ишончли қўлларга топширилганидан жудаям ҳурсанд бўлганлардан бири эдим. Сабаби улар бошчиликларида ташкил қилинган ИНХА университети, Ал Хоразмий мактаби таълимда кескин бурилиш ясаган таълим масканларидан бири бўлган. Улар билан биргаликда ишлаган вақтимда уларни мактабларда таълими сифатини ошириш, ўқитувчилар ҳамда мактаб нуфузини кўтариш йўлида олиб борган фаолиятларига ўзим гувоҳ бўлдим ва буни юксак баҳолайман. Шерзод ака матбуот хизмати олдига нафақат ОАВ балки вазирликка мурожаат қилаётган ҳар бир фуқаронинг дардини эшитиши каби катта вазифани қўйганлар ва биз учун айнан мана шу халқ дарди билан яшаш, керак бўлса тунда жамоамиз билан ўқитувчиларнинг муаммоларига ечим топиш одатий ҳол бўлиб қолганди. Бугун ҳар қанча қийин бўлмасин креатив, узоқни кўра оладиган, замонавий ва энг муҳими бизни касбимизни тушунадиган раҳбар билан ҳайрлашишга мажбурмиз. Шерзод Хотамовичга биргаликдаги фаолиятимиз учун миннатдорлик билдираман ва уларга келгусида олдиларига қўйилган юксак вазифаларни муваффақиятли амалга оширишларида улкан зафарлар тилаб қоламан. Ўзим эса янги раҳбар бошчилигида халқ таълим тизимини ривожлантириш йўлида ўз фаолиятимда давом этаман.