Contenuto
Болаларни калтаклаш мумкин эмас, ҳеч қачон ва ҳеч қандай ҳолатда! Боланинг юзига тарсаки тортиш нафақат ўқитувчига балки ота-онага ҳам қатъиян тақиқланган хатти-ҳаракат! Бу йўл билан ҳеч қачон яхшиликка эришиб бўлмаслигини ҳам барчамиз яхши биламиз. Юзига тортилган тарсаки билан ҳеч бир боланинг ҳурматини қозонолмайсиз. "Умумий ўрта таълим муассасаларининг ички тартиб ва одоб-аҳлоқ қоидалари"га (Халқ таълими вазирининг 2022 йил, 28 июлдаги 246-сон буйруғи) кўра, ўқитувчилар томонидан ўқувчиларни жазолаш мақсадида уларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш ва руҳий тазйиқ ўтказишлари таъқиқланади. Бугунги замон ўқитувчилар ўқувчилар билан фақат дўстона муносабат ўрнатиш орқали натижага эришиш мумкинлигини тақозо этади. Ҳар бир ўқувчи билан муаммони биргаликда ижобий ҳал этиш - бугунги кун педагогининг бурчи ҳисобланади. Агар дўстона муносабат орқали натижага эришишнинг имкони бўлмаса буни ҳал этиш учун боланинг ота-онаси ёҳуд участка нозири жалб этиш тўғри саналади. Болага қўл кўтариб, ўзингизни маломатларга қолдирманг! Жисмоний жазо шахсиятни йўқ қилади ва атрофдагиларга ишончсизликни ўргатади. "Ким кучлироқ бўлса, у ҳақ" деган хулосага олиб келади. Бола ёлғон гапиришни, ўзидаги ҳис-туйғуларни бостиришни ўрганади. У хато қилишдан қўрқади, чунки у жазоланиш ва оғриқ ҳис қилишни хоҳламайди. Келажакда бундай одам бундай куч кўринишларига дуч келмаслик учун ҳамма учун қулай бўлишни ўрганади. Ўқитувчи бугун жамиятимизнинг энг обрўли вакили бўлиши керак деган тамойилга асосланган ҳолда Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларни доим ҳимоя қилишга ҳаракат қилади, лекин ҳурматли ўқитувчилар ўз фаолиятингиз давомида одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилишингизни сўраб қоламиз! Шу ўринда ота-оналардан ҳам ўқитувчишаъни, қадр-қимматини ҳурмат қилишлари ва дарс жараёнларига аралашиб, педагогларни ҳақорат қилмасликлари сўралади. Шу ўринда ўқувчиларга дарс жараёнида телефондан фойдаланишлари қатъиян тақиқланганлигини эслатиб ўтамиз. Агар огоҳлантиришга қарамасдан дарс жараёнида телефондан фойдаланиш ҳолатлари давом этса синф ва муассаса раҳбарияти телефонни олиб қўйиб, ўқувчининг ота-онасини огоҳлантирилади. Ҳолат бўйича инспектор-психолог томонидан ўқувчининг ота-онасини Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлиги Жамоат ва кузатув кенгашлари доирасида муҳокамалардан сўнг ўқувчининг ота-онасига қайтариб берилади. Шундай ҳолатлар ўқув йили давомида такрорланадиган бўлса ўқувчи ички ишлар органларининг профилактик рўйхатига қўйилади. Ҳурматли устозлар ва ота-оналар, ушбу ҳаволада келтирилган Умумий ўрта таълим муассасаларининг ички тартиб ва одоб-аҳлоқ қоидалари билан ҳар бирингиз танишиб чиққан ҳолда унга риоя этишингизни сўраб қоламиз. Шу ўринда эслатиб ўтамиз "Ўзбекситон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисида"ги Кодекснинг 47-моддасида кўра, ота-оналар томонидан болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Шахсий намуна ва одоб-аҳлоқни ҳар ким ўзидан бошлагани мақсадга мувофиқ.