Contenuto
♾Халқ таълими вазири жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устамага даъвогар педагогларнинг саралаш жараёнлари бошланди. Мазкур синов жараёнлари 2 босқичда амалга оширилади. 1-босқичда Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари, яъни ҳокимликлар томонидан киритилган номзод-ўқитувчилар “Бошланғич таълим”, “Аниқ ва табиий фанлар”, “Хорижий тиллар”, “Ижтимоий фанлар” ва “Амалий фанлар” йўналишлари бўйича бевосита Давлат тест маркази томонидан тегишли ҳудудларда синовдан ўтказилади. 2-босқичга ушбу синовларда максимал баллнинг 80 фоизи ёки ундан юқори натижа кўрсатган номзодлар ўтади ва уларнинг касбий маҳорати фаол жамоатчилик вакиллари ва маҳоратли педагоглардан иборат Ишчи гуруҳ томонидан баҳоланади. Хўш, номзодлар қай тартибда ва қандай омиллар асосида саралаб олинди? Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан таълим сифати кўрсаткичларига асосан ҳудудлар учун маълум квоталар белгиланган. Бунда умумий ўрта таълим муассасаларининг битирувчи-ўқувчилари томонидан тегишли ўқув йили қабулида олий таълим муассасаларига, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонларида қайд этган натижаларига мувофиқ квота тақсимланди. Ҳозирда ўтказилаётган танловда жами 2000 нафаргача лауреат белгиланиши мумкин. Ушбу квотага ҳар битта йўналиш бўйича тегишли туман (шаҳар) учун белгиланган ҳар битта квота ўрнига кўпи билан учта номзодни тақдим этди. Шу билан бирга синов натижасида лауреатлар сони квотани тўлдирмаса, келгуси йилда қўшимча номзодлар орасида танлов ўтказилиши мумкин. Вазир жамғармаси маблағлари устамалари қанча вақт давомида тўлаб борилади? Мазкур турдаги ҳар ойлик устама ҳақи Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг тегишли буйруғи чиққан вақтдан бошлаб 9 ой давомида тўлаб борилади. Эслатиб ўтамиз, имтиҳонлар 2022 йил 16 декабрь куни барча ҳудудларда бўлиб ўтди. Имтиҳонларнинг ўтказилиш вақти, жойи ва унда иштирок этувчилар рўйхати Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида эълон қилинган. ⚠️Ҳурматли устозлар!Шу ўринда Халқ таълими вазири жамғармаси ҳисобидан устамалар учун саралаш жараёни ҳар йили ўтказилиши ва ҳар бир ўқитувчининг ўз устида ишлаб кучлилар қаторида бўлиш учун даъвогарлик қилиш имконияти мавжудлигини алоҳида қайд этиб ўтмоқчимиз.