Contenuto
Effect.uz сайтида эълон қилинган “Дилфуза Садриддинова қаерда?” номли видео юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз. 2022 йилнинг сўнггига қадар Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Садриддинова Дилфуза Рузукуловна вазирлик раҳбариятининг 2022 йил 16 декабрдаги тегишли буйруғига асосан, Болаларни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган. Шу муносабат билан вазирлик расмий сайтининг тегишли бўлимига Дилфуза Садриддинованинг исми шарифи киритилиб, техник хато сабабли аввал шу лавозимда ишлаб келган ходимнинг меҳнат фаолиятига доир маълумотлар ўзгартирилмай қолиб кетган ва видеода келтирилган номутоносиблик юзага келган. Суриштирув журналистикасида журналист аввалига баъзи фактларни аниқлайди, тахминлар қилади, кейин текширади ва исботлайди. Бу жанрда фактларга асосланиш энг муҳими. Агар сизда у ёки бу маълумот шубҳа уйғотган бўлса, сиз вазирлик Ахборот хизмати ходимларига мурожаат қилиб аниқлаштиришингиз керак. Aйнан мана шу фактчекинг журналистик суриштирувнинг асосий омили саналади. Effect.uz журналисти Аброр Поёнов доимий равишда Ахборот хизмати билан ҳамкорликда ишлаши, бироқ мана шу суриштирувда ноаниқликка аниқлик киритиш мақсадида бирор бир сўров юбормаганлигини маълум қиламиз. Сайтдаги техник хатоликни бир шахсга нисбатан салбий бўёқдорлик билан ёритиш журналистик этикасига мутлақо тўғри келмаслигини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасида журналистнинг мажбуриятлари сифатида, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши, шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилганлигини эслатиб ўтамиз. Айни дамда Дилфуза Садриддинованинг Меҳнат фаолиятига оид маълумотлар янгиланганлигини маълум қиламиз.