TGTGInsightintelligence telegramLIVE / telegram public index
← Laylo Rustamova
Laylo Rustamova avatar

TGINSIGHT POST

Post #2279

@iteducation_pr

Laylo Rustamova

Visualizzazioni5,490Numero di visualizzazioni
Pubblicato17 apr17/04/2023, 08:25
Contenuto del post

Contenuto

"СЕН БОШҚАЧАСАН!"— ИШОНЧ ОРТИДАН ШВЕЙЦАРИЯГА Фарзандларим қиз бола бўлгани учун доим ақлли билимли қизларга ҳавас кўзи билан қараб, уларни ҳар бир ҳатти-ҳаракатини кузатаман. Куни кеча Кимё бўйича Халқаро олимпиаданинг якуний саралаш босқичи бўлиб ўтди. 14 нафар ўқувчи орасида 3 нафари қиз бола. Ўзимнинг фарзандларим ҳам қиз бўлгани учун ҳавас билан қизларни кузатдим. Болалар жойлашиб ўтиришди, ҳали имтиҳон бошланмаган. Кўзим биринчи партада ўтирган қизчанинг бир нарсаларни тезкорлик билан ёза бошлаганига тушди. Зимдан тушунишга ҳаракат қилиб кузата бошладим. Биринчи қаторда ёзган гапини аранг ўқий олиб, секин олдига бордим ва исмини сўрадим. Шаҳзода экан. "Қизим, нималар ёзяпсан?" дедим. Аввалига уялиб, беркитгандай бўлиб, секин қўлини олиб, кўрсатди. "Сен бошқачасан, ҳаммаси сенга боғлиқ..." Мана шу икки гапни унга ота-онаси ва устози айтган экан. Шаҳзода ҳаётида турган муҳим синов олдидан ушбу сўзларни ёдга олгани, бу сўзлар унинг учун қанчалик аҳамиятли эканлигини кўрсатди. "Иллоҳим омадингни берсин..." деб мен ҳам уни ва бошқа ўқувчиларни дуо қилдим. Бугун ишга келиб Олимпиада департаментимиздан терма жамоага кирган ўқувчилар рўйхатини сўрадим. Не кўз билан кўрайки, уларнинг орасида Шаҳзода ҳам бор... Машаллаҳ дедим. Ҳар бир инсон ким бўлишидан қатъий назар бирор нарсага эришиши учун унга ҳаётида мотивация зарур бўлади. Ким учундир мотивация тақдирни ўзгартириш даражасида ҳам таъсир кучига эга бўлади. Ёдингиздами бутун дунёга машҳур Томас Эдисоннинг онасига мактаби юборган унинг ақли заифлиги ҳақидаги хат ва онанинг бу хатни ўғлига бошқача талқинда ўқиб бергани... Бугун эса ўша онанинг ишончи уни бутун дунёга танитди. Демак, Инсон нимагадир қаттиқ ишонса, ва албатта Аллоҳнинг инояти билан албатта шу нарса бўлади. Бизнинг ютуқларимизни чеклайдиган ягона нарса бу бизнинг шубҳаларимиз. Шундай экан, фарзандларингизга ишонинг! Уларга мотивация беринг. Улар ҳаммадан бошқача эканликларига ишонтиринг. Ва Иншоллоҳ улар албатта келажакда буюк ишларга қодир инсонлар бўлишади. Ота-она ва устознинг мотивацияси Шахзодага ғалаба олиб келди. Албатта билими ва меҳнати ҳам, лекин бу ердаги 14 нафар боланинг ҳар бири катта меҳнат ва билими билан шу поғонага етиб келган. Шаҳзоданинг ютуғи ҳам айнан мана шу ишончнинг меваси эканлигига шубҳам йўқ. Шаҳзода Ўзбекистон шарафини Швейцарияда бўлиб ўтадиган Халқаро кимё олимпиадасида ҳимоя қиладиган 4 нафар терма жамоа аъзоларидан бири. Мен барча болларимиз қатори унга яна бир бор омад тилаб қоламан. P.S. Шу постни ёзаётган пайтимда бугун немис тилидан имтиҳонга кирадиган қизим уни дуо қилишимни ёзиб қолди. Ва мен ҳам унга мотивация бериб, жавоб ёздим. Жавобим суратлар орасида. Сиз ҳам ҳозироқ фарзандингизга унинг ҳаммадан бошқача эканлигини айтинг ёҳуд ўз тажрибангиз билан ўртоқлашинг. Албатта қизиқ бўлади.