TGTGInsightintelligence telegramLIVE / telegram public index
← Laylo Rustamova
Laylo Rustamova avatar

TGINSIGHT POST

Post #2306

@iteducation_pr

Laylo Rustamova

Visualizzazioni4,019Numero di visualizzazioni
Pubblicato12 lug12/07/2023, 11:15
Contenuto del post

Contenuto

“МЕНИНГ ЎҒЛИМ НОГИРОН БЎЛМАЙДИ!" — Онанинг ишончи ҳар қандай мўъжизаларга қодир Бундан бир неча кун олдин менга бир қиз мурожаат қилиб, фарзандини Ўзбекистонда инклюзив таълим йўлга қўйилган мактаблардан бирида соғлом болалар билан бирга таҳсил олиш истаги борлигини ва бунга ёрдам беришимизни сўради. Салоҳиддин ва унинг онаси Мафтуна ҳақида барча билан бўлишмоқчи бўлганимнинг сабаби, бу ҳаётий ҳикоя орқали тўрт мучаси соғ фарзандининг таълим олиши учун етарли вақт ажратолмаётган, айрим ота-оналарга ўрнак қилиб, Салоҳиддин сингари саломатлигида муаммоси бор фарзанд катта қилаётган бошқа оналарга оз бўлса-да умид бағишлаш истаги бўлди. 👇Суратдаги боланинг исми Салоҳиддин. Унинг ёнида эса онаси Мафтуна. Салоҳиддин ДЦП (Болалар церебрал фалажи) ташхиси билан туғилган. Лекин бугун у онасининг ишончи, тинимсиз меҳнати орқали ҳеч қайси соғлом боладан фарқ қилмайди. Салоҳиддин 2016 йил 7 ойлик муддатда дунёга келган. Чалажон, нафас олмаётган болани сақлаб қолиш учун шифокорлар бор имконини ишга солди. Муддатидан эрта ва бошидан жароҳат олиб туғилгани учун 1 ёшида шифокорлар томонидан ДЦП ташхиси қўйилди. Она тушкунликка тушган бўлса-да, умидини сўндирмади. 2-3 ёшида ҳам юрмаган болани доимий парвариш (уқалаш, ЛФК — даволовчи жисмоний машқлар) орқали оёққа тургазишга ҳаракат қилди. Она ва бола ҳар 3 ойда неврологияда даволанар, болани қарз олиб бўлса-да, доимий равишда соғлом бўлиши учун тинимсиз меҳнат қилди. Бунда Мафтунанинг турмуш ўртоғи, қайнонаси ва бошқа яқинлари доим ёнида далда бўлишди. - Менинг ўғлим ногирон бўлмайди! Бўлиши керакмас, деб миямга сингдириб олдим. Кечалари дуоларимда сўрадим. У 3 ярим ёшида эмаклашни бошлади. Бу пайт мендан бахтли она йўқ эди”, — дейди Мафтуна. Фарзандимни энди оёққа қўйдим, деб ўйлаган Мафтунанинг хурсандчилиги кўпга чўзилмади... - Ўғлимни чақирсам қарайвермасди... ҳайрон бўлдим. Билсам, турли муолажалар дорилар унинг қулоғига таъсир қилиб, қулоғи эшитмай қолибди. Яна касалхонага бориб, аудиометрия қилдирдик. Эшитиш заифлиги 3-4 даража экан. Шунда ҳам таслим бўлмадим. Даво излаб, Россияга ҳам бордим. Уйдагилар бўлди энди, борича қабул қил, дейишди. Йўқ дедим! Сўнгра “Замин” Фондига мурожаат қилдим, кутдим. Алҳамдулиллаҳ, операция қилиб, ўғлимга имлант ўрнатишди... Ҳозир ўғлим эшитяпти, менга қараб “ойи, ойижон” дейди. Юриб ҳам, югуриб ҳам кетди. Неча йиллаб юра олмаган, гапира олмаган болам бугун соғлом болалар билан давлат боғчасида таълим олади. Бу йил Салоҳиддин мактабга чиқади, чиққанда ҳам махсус эмас, Худо хоҳласа, соғлом болалар таҳсил оладиган умумтаълим мактабига чиқади”, — дейди Мафтуна. Ҳозирда Салоҳиддин Паралимпия қўмитасига қарашли Олий сув спорт маҳорат мактабида ҳам сузиш бўйича таҳсил олмоқда. Мафтуна фарзанди равон сўзлаша олиши учун бугунги кунда доимий равишда дефектологлар билан ишламоқда. Мана, она меҳри ва ишонч нималарга қодир! Ҳақиқатдан ҳам, баъзида ота-оналар соғлом боламни эплай олмаяпман, ўқимаяпти, одам қилолмаяпман, деб нолиб қоладилар. Лекин ишонч ва ҳаракат билан ҳар қандай имконсиз чўққини забт этса бўлади. Ҳозир Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан юртимизда йўлга қўйилган инклюзив таълим ёрдамида Салоҳиддинни соғлом болалар қатори умумтаълим мактабида таҳсил олиши имкониятлари ўрганилмоқда. Насиб қилса, Салоҳиддин ўзининг тенгқурлари билан бир қаторда таълим олиб, бир кун ота-онасининг барча заҳматларини, албатта, роҳатга айлантиради Иншоллоҳ. Мен эса Мафтуна сингари фарзандининг саломатлиги учун курашаётган ва курашадиган барча ота-оналар билан фахрланаман. Уларга раҳмат айтиб, Яратгандан улкан куч-қувват ва сабр тилайман. Аллоҳим сизларни ўзи ярлақаб, барча орзу-ниятингларингизга етказсин! Ҳеч кимнинг боласи касал бўлмасин! Боланинг суратлари ота-онасининг розилиги билан қўйилмоқда👇👇