TGTGInsightintelligence telegramLIVE / telegram public index
← Laylo Rustamova
Laylo Rustamova avatar

TGINSIGHT POST

Post #2325

@iteducation_pr

Laylo Rustamova

Visualizzazioni2,570Numero di visualizzazioni
Pubblicato8 ago08/08/2023, 19:38
Contenuto del post

Contenuto

“МЕНГА МАНСАБ ЭМАС МАКТАБ КЕРАК - МЕНИ ЎҚИТУВЧИЛИККА ҚАЙТАРИНГ” - Ўзбекистон қаҳрамони Анор МАҲМУДОВА хотираларидан Довруғи бутун Хоразмга кетган Ўзбекистон қаҳрамони Анор опа Маҳмудова янги директор бўлган пайтларини шундай хотирлайди: “Ота-онасига қўл кўтарган болаларни олиб келишган. Уни эшитган бошқа ота-оналар ҳам тарбияси оғир фарзандларини олиб келиб, уларни йўлга солишимни сўрай бошлашган. Бир пайт қарасам мактабим тарбиясида оғиши бор болаларга тўлган… Ўша пайтларда болалар қолиб, ота-оналарни ҳам тарбиялашимга тўғри келган. Биласизми, айрим ота-оналар боласини бепул тўгаракка юборгиси келмасди. Математика билан шуғулланса болам жинни бўлиб қолади дейишарди”. Раҳбарликдан воз кечиб, болалар билан мактабда ишлашни афзал кўрган Анор опа Маҳмудова “10 йил қийналдим мактабни оёққа тургизаман деб” дея хотирлайди. Раҳбарият уни доим юқорига кўтариш пайида бўлган бўлса, ҳақиқий устоз сиймоси гавдаланадиган Анор опа ўқувчилар билан ишлашни, мактабни афзал кўрган… “Пул ва мансаб мен учун ҳеч қачон қизиқ бўлмаган. Мен учун мактаб, ундаги муҳит ва ўқувчиларим тақдири қизиқ бўлган. 10 йил деганда мактабимни кўтардим. Унда бугун энг олди ўқувчилар таълим олади” дейди Анор опа. Унинг иш фаолияти ҳақида сўзлаб берганларини тинглаб менда бир савол туғилди. Хўш, тарбияси оғир болларни тарбиялашда у қандай усулларни қўллагани? 1964 йилдан ўқитувчи бўлиб фаолият юритган бўлсам, бирор марта ўқувчини уриб, бақириб ёки уришган эмасман. Мен билан бирга фаолият олиб бораётган ўқитувчилар билан гаплашсангиз, бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз. Ўқувчиларимга фақат нигоҳим билан таъсир қиламан, уларнинг барчасини меҳр билан тарбиялайман. Банд қилиб ташлайман турли тўгаракларга қизиқишига қараб. Тарбияси жуда оғир болалар ҳам юзимга тик қараб гапирмайди. Афсуски, баъзида болаларнинг ота-онаси ҳам фарзандининг нимага қодир эканлигини яхши билмайди. Ота-оналарга "Фарзандингизга яхши гапиринг, йўл-йўриқ кўрсатингчи, эртага айтганингизни қилмасмикан", деб уларга йўл йўриқ кўрсатаман. Шу кунгача мураккаб тарбияли болалар ҳам ота-оналар ҳам юзимга тик қарамаган. Шўх ўқувчиларим мактабга келиб аста "Анор опа борми?" деб сўрайди. Мен мактабда бўлсам шўхлик қилмайди. Мана шу тарзда билимсиз, шўх болаларни тарбиялайвердим. Ўзимга-ўзим савол бериб, ўзимдан жавоб ҳам олар эдим: "Буларни ўрнига иқтидорли ўқувчилар билан шуғуллансам бўлмасмиди?! Йўқ, иқтидорли ўқувчиларга ҳамма ҳам қийинчиликсиз таълим бераверади, мен бўш ўзлаштирувчи ва тарбияси оғир болалар билан шуғулланишим керак" деб ўз ишимни давом эттирганман. Бугун икки қаҳрамонимиз билан суҳбат устида бу унвон уларга бежизга берилмаганлигига яна бир бор амин бўлдим. Ўша гап ўз ишини сидқидилдан бажарадиган инсон ҳеч қачон эътироф этилмай қолмайди. Мен ҳар бир устоз улар каби бўлишини истардим. Ўзбекистон қаҳрамони Анор Маҳмудова ва Муҳаббат Шароповалар билан бўлган суҳбатимиз ана шундай сермазмун бўлди. Mohira Nurullayeva билан улар ҳақида ҳужжатли фильм қилиш ғояси туғилди. Зеро, улар ҳақиқий тирик афсона ва фаолиятлари ҳар бир таълим ходими учун намуна, ўрнак ва ибрат бўлишга арзийди! Хуллас мен учун бугун яна бир эсда қоларли, тарихий кун бўлди. Икки нафар Ўзбекистон қаҳрамони билан бир дастурхон атрофида суҳбатдош бўлиш насиб қилди. Уларнинг йўлларини беришини сўрадим Яратгандан, эртага ортга қараганда инсон ҳаётини мана шундай илиқ хотиралар билан эслаш насиб қилсин барчамизга🤲 Устозларимизга кўз тегмасин Иллоҳим!