Contenuto
ДАРС МУҚАДДАС ДЕГАН ТАМОЙИЛГА АМАЛ ҚИЛГАН ЎҚИТУВЧИ Бугун фаолиятимдаги яна бир эсда қоларли кун бўлди. Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси, физика-математика фанлари номзоди, доцент, ўқувчилари тақдирига таъсир қила олган буюк педагог, ёшлар таълим ва тарбиясига умрини баҳшида этган устоз Турғун Азларов билан танишиш бахтига муяссар бўлдим. “Ўзбекистон тарихи” телеканали журналисти Холиёр Сафаров билан кўрсатув суратга олиш жараёнида устознинг умр йўлларини ўргандим. Устоз қарийб ярим аср фаолият юритган 40-мактаб ва файзли оилаларида бўлиб, амин бўлдимки, бу инсонларга энг юксак “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони бежизга берилмаган! Улар ҳақиқий маънода қаҳрамон инсонлар. Турғун Азларов мактабни ота-онага, ўқитувчини ўқувчи йўлини ёритувчи чироққа қиёслайди. Дарс муқаддас деган тамойилга ҳақиқий маънода амал қилган устозни энди учратдим. Одатда устозлар дарс вақтида кимдир чақириб қолса, болаларга топшириқ бериб чиқиб кетишлари одатий ҳол шундай эмасми?! Лекин Турғун ака ким чақиришидан қатъий назар ҳеч қачон дарсига ҳиёнат қилмаган! Бу ҳақда Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Раҳматилла Каримов шундай дейдилар: “Бир кун устоз фаолият олиб борадиган мактабга бордим. Дарс вақти тугашига ҳали анча вақт бор эди. Синфни секин очиб қарадим, Турғун домла мени кўрдилар. Чиқиб қоладилар деб кутдим, лекин чиқиш қўнғироғи бўлмагунича чиқмадилар. Дарс туганидан сўнг чиқдилар ва 5 дақиқали танаффус эканлигини, шунча вақтлари борлигини айтдилар. Бу инсондан фаолиятим учун жуда кўп зарур нарсани ўрганганман”. Ўзбекистон қаҳрамони Турғун Азларов ҳаётлари ва фаолиятлари билан боғлиқ бошқа қизиқарли маълумотларни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг расмий саҳифаларида тез кунда эълон қиламиз. Фурсатдан фойдаланиб яқинда 70 ёшни қарши олган устоз Турғун Азларовга мустаҳкам соғлиқ ва узоқ умр тилайман!