Contenuto
ТЎГАРАКЛАРГА ҚАТНАЙДИГАН БОЛАЛАР ТЕНГДОШЛАРИГА ҚАРАГАНДА ИНТИЗОМЛИ БЎЛАР ЭКАН Фарзандларимиз таълим ва тарбиясидаги муҳим қисмлардан бири мактабдан ташқари таълим саналади. Баъзан бу боланинг ҳаётида мажбурий мактаб ўқув дастуридан кам бўлмаган ролни ўйнайди. Тўгаракларга қатнайдиган болалар ўз вазифаларини бошқа тенгқурларига қараганда самаралироқ бажариши ҳам психологлар томонидан исботланган. Одатда бундай болалар бўш вақт нима эканлигини ва уни қандай унумли ўтказиш кераклигини яхши тушунадиган интизомли болалар саналади. Тўгаракларга қатнаётган ўқувчиларимиз бўш вақтларини унумли ўтказиш билан бирга оилаларига даромад ҳам олиб кела бошлашган. Шундай ўқувчиларимиздан бири Қорақалпоғистон Республикаси "Баркамол авлод" болалар мактабининг "Компьютер графикаси ва дизайни" тўгарагига 1 йилдан ошиқ вақт давомида қатнаётган Ислом Ажимуратов. У бугун тўгаракда компьютер графикаси дастурларидан фойдаланган ҳолда 2D иллюстрациялар, Векторлик расмлар ярата олади. Бундан ташқари, мультфильм қаҳрамонларини чизиб уни ҳаракатлантира олади. Тўгаракка қатнаш асносида Ислом ўзининг мақсадини ҳам белгилаб олган. Унинг энг катта орзуси машҳур иллюстратор ва аниматор бўлиш. Қувонарлиси, у тўгаракда эгаллаган билимлари ортидан стикер, мерч ва иллюстрацияларини сотиб, ўзининг илк 1000 АҚШ доллар миқдоридаги даромадини ҳам топа олган. Мактаб ва мактабдан ташқари таълимнинг интеграцияси ўқувчининг ақлий қобилиятлари ва ижодий қизиқишларини уйғунлаштиришга ёрдам беришини ана шу биргина мисол орқали ҳам кўриш мумкин. Видеода ўқувчимиз Ислом яратган ишлардан баъзи намуналар келтирилган. Сизнинг фарзандларингиз қандай тўгаракларга қатнашади?