Contenuto
Даун синдроми испаниялик Пабло Пинеданинг олий маълумот олишига ва кино актёри бўлишига тўсқинлик қилмади: у "Мен ҳам" (2009) бадиий фильмида бош ролни ўйнади. Ҳозир у ижтимоий масалалар билан шуғулланади, ишлайди, илмий мақолалар ёзади, анжуманларда қатнашади. Gucci ва VOGUEнинг юзига айланган Даун синдромли 18 ёшли модел Элли Голдштейн ҳақида ҳам эшитгансиз. Қиз нафақат модел сифатида ишлайди, балки ўз карерасини ўқиш билан бирлаштиради. Даун синдроми, асосан, генетик аномалликдир. Йигирма биринчи жуфтликдаги битта қўшимча хромосома чақалоқни ўзига хос қилади. Бу чеклов эмас, балки ўзига хосликдир. Муҳаммадхон ҳам қуёшли бола. У 215-сонли умумтаълим мактабнинг Инклюзив синф ўқувчиси. У Туркия махсус спортчилар спорт федерацияси томонидан бу йил илк бор ташкил этилган «Турк дунёси» махсус спортчилар спорти ва маданият фестивалида ғолиблар қаторидан жой олди. Туркия, Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Венгрия, Косово ва Қирғизистондан 200 га яқин спортчи иштирок этган мазкур тадбирда Муҳаммадхон теннис ва енгил атлетика бўйича 3-ўрини қўлга киритган. Муҳаммадхон оилада энг кенжа фарзанд. У жуда меҳрибон бола, у уй ишларида ҳам онасига ёрдам беради. Унинг спортга қизиқишни пайқаган ота-онаси Муҳаммадхонни сузиш, теннис, енгил атлетика тўгаракларига олиб боришган. Ота-онаси доимий равишда унинг қизиқишларини қўллаб-қувватлайди ва фарзандлари жамиятимизда ўз ўрнини топиши учун қўлларидан келган барча ҳаракатларни қилишмоқда. Ҳар қандай бола яқинларининг меҳри, ғамхўрлиги ва эътибори билан натижаларга эриша олишини тарих кўп исботлаган, бундай ҳаётий мисоллар жуда кўп ва фарзандидан меҳри ва эътиборини аямайдиган ота-оналаримиз сони кўп бўлишини жуда ҳам истайман. Фурсатдан фойдаланиб, Муҳаммадхон ва у сингари ғолиб бўлган бошқа болажонлар ҳамда уларнинг ота-оналари, устозларини ғалабалар билан муборакбод этаман.