Contenuto
"Тушунарлими?" ёки "Тушунтира олдимми?" — ўқитувчилар одатда ўқувчиларига айтадиган бу жумлаларнинг фарқи нимада деб ўйлайсиз? Ўқитувчи - бу шунчаки касб эмас, балки улуғ мартабадир. Ўқитувчи ўқувчининг қадриятлари, ахлоқи ва ҳатто фикрлаш тарзига қаттиқ таъсир қилувчи инсондир. Ўқитувчи боланинг ўз фанига бўлган меҳрини уйғотиши ёки аксинча ўрганилаётган фанга бўлган қизиқишни бутунлай йўқ қилиши мумкин. Бугун қизим инглиз тили фанидан янги ўқитувчи кирганини ва у Информатика ўқитувчиси (қизимнинг севимли устозларидан бири) каби жуда зўр эканлигини айтди. Ўқитувчинг зўрлигини қаердан билдинг десам? — Биласизми, Информатика ўқитувчимиз бизга мавзуларни зўр тушунтирадилар ва доим биздан "Тушунтира олдимми?" деб сўрайдилар. — Хоп аввалги устозинг нима деб сўрар эди? — "Тушунарлими?" деб сўрар эдилар. — Деярли бир хил сўзку, қандай фарқи бор?, — деб қизиқдим мен. Қизим бошланғич синф ва боғчани рус тилида тамомлагани боис фикрларини баъзида рус тилида осонроқ тушунтира олади. — Для меня "Тушунарлими?" — означает, что я всё прекрасно объяснила, а твой мозг не смог его воспринять, а "Тушунтира олдимми?", вы умнички, смогла ли я вам объяснить" дегани. Болалар дунёси, катталарникидан фарқли ўлароқ, ўзининг беғуборлиги билан ажралиб туради. Хўш, сиз ўқувчиларингизга бу икки сўздан қайси бирини ишлатасиз?