TGTGInsightintelligence telegramLIVE / telegram public index
← Laylo Rustamova
Laylo Rustamova avatar

TGINSIGHT POST

Post #2420

@iteducation_pr

Laylo Rustamova

Visualizzazioni6,050Numero di visualizzazioni
Pubblicato30 nov30/11/2023, 14:35
Contenuto del post

Contenuto

"СEН БИЛАН ФАХРЛАНАМАН!" Фарзандларимизнинг энг катта орзуларидан бири бу ота-оналаридан айнан ана шу сўзларни эшитиш экан. Қуйида ёзилганлар ҳар бир ота-она учун муҳим маълумот бўлади деб ҳисобладим. Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда “Зиё форум” илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш фонди мамлакатимизнинг энг фаол 100 нафар мактаб ўқувчиларини аниқлаш мақсадида эълон қилинган танловга келиб тушган аризаларни саралаш жараёнини ўтказдик. Ўқувчиларга ариза қолдириш жараёнида "Ҳаётингиздаги энг эсда қоларли воқеани айтиб беринг" деб сўралган. Жавоблар мени ҳайрон қолдирди. Мен биргина ўқувчи мисолида буни сизлар билан ҳам улашмоқчиман. 11-синф ўқувчиси Эъзоза (Сурхондарё вилояти, Бойсун тумани): "Илк бор дадамдан "Сен билан фахрланаман" деган сўзни эшитдим ва бу ҳаётимдаги энг эсда қоларли воқеага айланди. Мен Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети академик лицейига топширдим. У ерда ўқиш мен учун шунчаки туш эди, холос. Оиламиз унчалик бой бўлмаган, ўртаҳол оилалардан. Ва фақатгина дадамнинг ўзлари ишлайдилар. Машина созлаб, қуруқвчилик қилиб бизни боқадилар. Икки опам контрактда ўқийди. Имтиҳон куни дадамнинг тинмасдан мени дуо қилиб ўтирганлари, менга ишонганлари киришимнинг энг катта сабаларидан бири бўлди деб ўйлайман. Ва ниҳоят, натижалар чиқадиган кунга ҳам етиб келдик. Дадам бирга ишлайдиган ўртоқлари билан уйимизда машина созлаётган эдилар. Телефонни қўлимга олиб, натижалар чиққанлиги ҳақидаги хабарни ўқидим. Бир секундда ҳаммалари олдимда тўпланиб олишди. Файлни очяпман, қўлларим қалтираяпти, бутун бошли танам титраяпти, чунки кўп нарса ўша натижага боғлиқ эди. Минг бир ҳаяжон билан ўқувчилар орасидан ўзимни қидирдим ва топдим! "Манааа, кирдиииммм, лицейга кирдииммм" деб бақириб юбордим. Дадамнинг кўзларида ёш, аста келиб, пешанамдан ўпдилар-да, "5ни ол, уддаладинг, СEН БИЛАН ФАХРЛАНАМАН, ҚИЗИМ!" дедилар. Мен жудаям бахтли эдим. Мен шак-шубҳасиз ҳаётимнинг энг унутилмас палласида эдим. Бу сўзларни эшитиш орзуим эди. Жон-жаҳдлари билан , қийинчиликларга қарамай, совуқ кунларга қарамай, одамларнинг гапига эътибор бермай, ўз ҳаётларини бизга бағишлаётган дадамдан бу гапларни эшитиш мен учун катта бахт эди. Ҳозир лицейда , Тошкентда ўқиётган бўлсам, ойлик харажатларим миллионларни ташкил қилади. Ва мен биламанки, бу пуллар ўйнаб топилмаяпти. Мен дадамнинг қанчалик қийналаётганлари ҳақида яхши биламан. Мияларида минг хил ўй билан юрадилар, ташвишлар уйқуларини хароб қилади. Мен ҳаммасини тушунаман ва менга берилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланиб, берилган ишончни оқлашим кераклигини яхши тушунаман. Мен дадамнинг яна бир бор "Сен билан фахрланаман" деган гапларини эшитишни жудаям хоҳалардим!" Бундай жавоб деярли ҳар иккинчи ўқувчининг орзуси эканлигини кўриб, жуда хайрон қолдим. Демак фарзанд учун энг асосийси бу ота-оналарнинг улардан фахрланиши экан. Ўғил ёки қизингизнинг ҳаётида иштирок этинг. Бу мусобақа, байрам концертлари, чиқишлар ёки имтиҳонлар бўладими, иштирок этинг. Иштирок эта олмасангиз, бу ҳақда гаплашинг. Фарзандингиз сиз учун муҳим ва қадрли эканлигини ҳис қилсин, улар билан самимий бўлинг. Бундай суҳбатлар албатта боланинг қалбида қолади. У отаси ёки онаси ёнида эканлигини ҳис қилади. Фарзандларингизнинг ҳаётидаги муҳим онларни бўлишиш бу бахт. Кутилган ғалабалар мағлубиятга айланган тақдирда ҳам буни айблов ва танқидга айлантирманг. Кейинчалик албатта вақти келади. "Мен сен билан фахрланаман!" деган сўзларда албатта қувонч ва эътироф бўлади. Бугун албатта қизларимга улар билан фахрланишимни айтаман. Сизга ота-онангиз сиз билан фахрланишларини айтишганми? Сиз-чи фарзандларингизга айтганмисиз?