Contenuto
2-СИНФ ЎҚУВЧИСИ СЕЛИН УЙ ҲАЙВОНЛАРИ САҚЛАНАДИГАН "ҲАЁТ" БОШПАНАСИГА ЭНГ КИЧИК ВОЛОНТЁРИ СИФАТИДА 6 ЁШИДАН БУЁН ЁРДАМ БЕРИБ КЕЛАДИ Тўрт оёқли дўстларимизга муҳаббат ҳисси уларга янада меҳрибон бўлишга кўмак беради. Бугунги қаҳрамонимиз Селин Шоаҳмедова ҳайвонларга меҳрини амалда кўрсатаётган ўқувчиларимиздан бири. У уй ҳайвонлари сақланадиган «Ҳаёт» бошпанасининг энг кичик волонтёрларидан бири. Селин Тошкент шаҳридаги 208-мактабнинг 2-синф ўқувчиси. Селин 6 ёшидан буён “Ҳаёт” бошпанасига волонтёр сифатида ёрдам бериб келади. Бу кўмак қизалоқнинг меҳри ҳамда моддий ёрдами кўринишида амалга оширилади. “Ҳаёт”га илк борганим мен учун жуда катта бахт, қувонч билан бирга қайғуга ҳам сабаб бўлганди. Бу ерда жуда кўп ҳайвонлар борлигини кўриб, уларга нисбатан кучли ачиниш туйғусини туйганман. Ўшандаёқ "Уларга ёрдам беришим керак", деган қарор уйғонган ва бугунги кунгача ота-онам, яқинларимнинг кўмагида бу ишни амалга ошириб келяпман. Мен “Ҳаёт” уйининг бир қисми эканлигимдан ҳамда бу ишга тенгдошларимни ҳам жалб қила олишимдан ғурурланаман” — дейди Селин. Селин ўзининг мунчоқ ёрдамида тикилган тақинчоқлари, совундан тайёрланган ишларини сотиш орқали ҳайвонларга ёрдам беради. Унинг мақсади жониворларга ёрдам беришни тенгдошлари орасида тарғиб қилишдан иборат. Селин расм чизиш ҳамда гитара чалишга қизиқади. Шунингдек, у тенгдошларининг уйи ва мактаби атрофида экилган дарахтларни парваришлашни яхши кўради. Селиннинг келажакдаги орзуси “Ветеринар” бўлиш. У ҳар бир кучук ва мушукнинг ўз эгаси бўлишини ҳамда уларни инсонлар хафа қилмаслигини орзу қилади. Селиннинг ҳайвонларга бўлган меҳри албатта унинг келгусидаги орзуларини рўёбга чиқариши шубҳасиз. Селин билан ZIYO FORUM'нинг “Зиёлилар School” алманахига ўқувчиларни саралаш жараёнида ғойибона танишгандим.