Contenuto
«Мен қачонлардир карьерамда юқори чўққиларга чиқаётган инсон эдим, лекин нимадандир кўнглим тўлмасди… Оилам ва фарзандларим билан бирга бўлишни, улар билан кўп вақт ўтказишни ҳамда улар билан дунё бўйлаб саёҳат қилишни истардим. Ва айнан шу истакларим мени кетаётган йўлимдан технологияга етаклади”. Бу дунёдаги ТОП-100 етакчи аёллар рўйхатига кирадиган аёл Аюми Мур Аокининг сўзларидан иқтибос эди. Аюми Бош қароргоҳи Парижда жойлашган, 45 мамлакатда фаолият юритадиган Women in Tech халқаро ҳаракати асосчиси ва бош директори. Мазкур ташкилот ва 2025 йилга бориб 100 та давлатга кенгайишни режалаштирмоқда. Миссиянинг мақсади 2030 йилгача STEM соҳаларида 5 миллион аёл ва ёш қизларга кўпроқ имкониятлар тақдим этишдан иборат. Ҳаракат аёлларга кўникмага эга бўлиш, маблағ олиш ва алоқаларни ўрнатишга ёрдам берадиган турли дастурлар, маҳсулотлар ва хизматларни тақдим этиш орқали ушбу мақсадга эришмоқчи. Эндиликда Women in Tech Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистонга ҳам кириб келди. Бугун Ўзбекистонда Технология соҳасида аёл ва қизлар улуши кўп эмас. Бу жамиятимиздаги стереотиплар билан боғлиқ. Нима учундир технология соҳаси аёлларники эмас деб ҳисоблашади жамиятимизда. Биз ҳаётимизни технологиялар бошқарадиган давр яқинлашаётган бир вақтда қизларимизни бугунданоқ малакали STEM мутахассисликларини эгаллашлари учун кўмаклашишимиз зарур. Зеро, 75 фоиз иш ўрни технология соҳасида яратилади. Дарвоқе, соҳага кириб келишда ёшнинг мутлақо алоқаси йўқ, дейишмоқда соҳа мутахассислари. Бу йўлда оталар, ака-укалар ҳамда турмуш ўртоқлар, бир сўз билан айтганда эркакларнинг қўллаб-қувватлаши муҳим. Биз қизларимизга имконият бериш билан бирга технология соҳасида Инклюзив ҳамжамият яратишимиз лозим. “Аёл ҳамма нарсани уддалайди!” Айнан шу сўзлар куни кеча ўтган Women in Tech лойиҳасининг Ўзбекистондаги очилиш тадбирининг асосий шиори бўлди.