Contenuto
Ёдингизда бўлса Хоразм вилояти узоқ Тупроқалъа туманидаги 2-сонли мактабнинг Информатика фани ўқитувчиси Сайёра опа Рўзимова билан онлайн суҳбат қургандик. Бугун Сайёра опа Тошкентга сафарлари чоғида мен билан кўришгани келибдилар. Бундан бошим кўкка етди, жудаям ҳурсанд бўлдим. Касбини жуда севадиган устозларни кўрсам жула қувонаман. Ҳар гапида ўқувчилари ва касби ҳақида фахрланиб гапирадиган Сайёра опа ҳаётларининг 32 йилини шу касбга бағишлабдилар. Қарийб 1 соатча давом этган суҳбатимиз давомида Сайёра опадан ҳаётлари ҳақида ҳам кўп нарса билволдим. Илк компьютерни Сайёра опага 2008 йилда 696 долларга қайноталари олиб берганликларини эслайдилар: "Ўшанда атрофдаги қўни-қўшни ва таниш-билишлар ундан кўра уйингга гилам олмайсанми деб кулишган". "Ишонасизми, шунча йил ишлаб, илк бор Санаторийга йўлланма олдим, Оқтош сиҳатгоҳида дам олиб қайтдим. Сиз билан қилган суҳбатимиздан кейин жуда кўпчилик мени таний бошлади, баъзи жойларда ҳатто мени навбатсиз ўтказворишади", — дейдилар Сайёра опа 🙂. Сайёра опа шу қадар фидойи устозки, ўқувчилари учун бепул тўгараклар ташкил қилиб, уларнинг қоринлари тўқ бўлиши учун ҳам қайғурар эканлар. Айни дамда Сайёра опанинг турмуш ўртоқларини Тошкент вилоятига ишга чақириб, 2 хонали коттедж уй ҳам беришган. Сиз ҳам келасизми десам, ўқувчиларимни кўзим қиймайди, уларни ташлаб келолмайман дедилар. Ҳозир кенжа ўғилларини Польшага IT соҳасида ўқишга юбориш ҳаракатидалар. Бунинг учун кредит ҳам олганлар. Битта нарсани эшитиб хафа бўлдим, Сайёра опада ҳатто Халқ таълими аълочиси кўкрак нишони ҳам йўқ экан. Эҳ, Халқ таълими вазирлигида фаолият юритган пайтларим сиз ҳақингизда билмаган эканман, албатта сиздай ўқитувчимизнинг мукофот олиши учун бор имконимни ишга солардим десам, менга мукофотнинг кераги йўқ, ўқувчиларимнинг ютуғи мен учун энг катта мукофот дедилар. Бу гулдастани Сайёра опанинг менга меҳр изҳорлари деб қабул қилдим. Бу шу ҳафта давомида касбим орқасидан олган иккинчи гулдастам. Дарвоқе Сайёра опа билан қилган суҳбатимизни ушбу ҳаволада кўрсангиз бўлади, улар ҳақида айтганларимга ўзингиз ҳам амин бўласиз: https://t.me/ITEducationAssociation/125 #Алҳамдулиллах_ҳаммаси_учун