Contenuto
Ҳеч қачон бошидан бошлашга қўрқманг! Бу сафар сиз нолдан эмас, тажрибадан бошлайсиз! Ажойиб мотивация сўзлари шундай эмасми?! Одатда инсон ҳар доим янгиликдан қўрқади, масалан янги иш бошлашдан, янги ҳаёт бошлашдан ва ҳоказо... Ахборот технологиялари соҳасига киришдан олдин менда ҳам ўзим учун мутлақо янги соҳани тушуниб, жамоатчиликка унинг аҳамиятини етказа олармиканман деган қўрқув бўлган албатта... Лекин барбир янги иш бошлашдан қўрқмаганман... Ижтимоий журналистикадан, автосаноат PRга, Автосаноатдан халқ таълимига, Таълимдан эса Ахборот технологиялар соҳасига... Мен учун янгилик доим қизиқ бўлган. "Комфорт ҳудудидан" чиқишга қўрқмаганман, ана шу ҳудуддан чиқишни билсаккина биз муваффақиятга эриша оламиз. Ҳар қандай соҳада фаолият юритаётган инсонлар билан танишиш, суҳбатлашиш орқали унинг таг замирига кириб бориш мумкин. Нима учун бугун кўпчилик IT соҳасининг бир бўлагига айланишни истайди? Бу соҳа нимаси билан барчани ўзига жалб қиляпти? Ўтган ҳафта мен учун ажойиб тажриба даври бўлди. Ўзбекистоннинг АКТ соҳасидаги энг йирик ва муҳим тадбири ICT WEEK UZBEKISTAN 2024 ҳафталигининг ҳам ташкилотчиси ҳам иштирокчиси сифатида Рақамли ҳукуматдан тортиб, ўйин ва анимация саноатигача бўлган IT соҳасининг деярли барча йўналиши билан танишиб, соҳада муваффақиятга эришаётган инсонлар билан нетворкинг қилиш имкониятига эга бўлдим. Ҳафталик баҳона 4 кун давомида соҳанинг бу бошидан кириб, у бошидан чиқдим. Ҳафталик доирасида ташкил этилган 20 га яқин турли мавзулардаги Форум ва конференцияларнинг бирортасини ҳам ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилдим. Халқаро ҳамкорлик Форумлари, ITда таълим, фрилансинг фаолияти, аёллар ва имконияти чекланган шахсларнинг соҳадаги ўрни барчаси мен учун жуда қизиқарли ва муҳим аҳамиятга эга мавзулар бўлди. 4 кун давомида ҳафталикка 20 минг нафар меҳмон ташриф буюргани ҳам соҳанинг нақадар барча учун қизиқарли эканлигини кўрсатиб турибди. Англаганим, АйТининг имкониятлари биз ўйлагандан анча КАТТА ва унда исталган касб эгалари ўз ўрнини топиши мумкин. Ҳафталикда олган энг асосий хулосам шуки, соҳада жуда ҳам кўплаб мутахассисларга талаб жуда юқори! Айтайлик, Рақамли ҳукумат Форумида мутасаддилар Маълумотлар базаси билан ишлайдиган мутахассилар етарли эмаслиги ҳақида кўп гапиришди, Анимация форумида Ўзбекистонда бор йўғи 40 нафар аниматор борлиги айтилди, ногиронлиги бўлган шахслар билан ўтган учрашувда ногиронлик АйТига кириб келиш учун ҳеч қандай тўсиқ эмаслиги ҳақида шундай инсонларнинг ўзидан кўриб, гувоҳ бўлдим. Демак, агар сиз шу соҳада ўзингизни ўрнингизни топмоқчи бўлсангизу иккиланаётган бўлсангиз, қўрқманг, киришинг, ўз устингизда ишланг, тил ўрганинг "Комфорт ҳудудидан" чиқиш осон эмас, лекин ҳаракат билан албатта ҳар қандай тўсиқларни енгиб, муваффақиятга эришишнинг имкони бор. Мен эса АйТи соҳасида кашф этган янги мавзуларим бўйича сизларга қаҳрамонларни кашф қилиб, улар орқали соҳанинг жозибадорлигини кўрсатишда давом этаман... 50 дан ортиқ давлатдан 200 дан хорижий ва маҳаллий компаниялар иштирок этган, майдони 10 минг квадрат метрни ташкил қилган, 300 дан ортиқ юқори мартабали меҳмон ташриф буюрган АКТ соҳасидаги шундай йирик тадбирнинг ташкилотчиларидан бири сифатида яна бир улкан тажриба учун Яратгандан миннатдорман! #Алҳамдулиллаҳ #Менкасбимнисеваман #ITкелажак