Contenuto
"Google, Apple, Facebook каби йирик компанияларда маълумотлар таҳлилчиси сифатида фаолият юритмоқчиман" Олдига шундай катта мақсадлар қўйган қаҳрамонимиз Шаҳина Худойназарова эндигина 19 ёшда. У Тошкент ахборот технологиялар университети талабаси бўлиш билан бирга ҳозирда дунё меҳнат бозорида энг талабгир йўналиш Data analyst сифатида фаолият юритади. Шаҳина инсон истаса бу соҳани ўрганиш учун жуда кўплаб бепул имкониятлар мавжуд деб ҳисоблайди. Шаҳинанинг ўзи ҳам яқинда "Бир миллион ўзбек дастурчилари" лойиҳаси доирасида Coursera платформасида 3 ой давомида Google Data Analytics бепул курсларни тугатиб халқаро тоифадаги сертификатни қўлга киритди. “Оддий оиладанман отам заводда ишлайдилар, онам мактабда ўқитувчи. Лекин улар мени доим қўллаб-қувватлаган. Баъзилар АйТи соҳасини эгаллаш учун катта иқтидор ёҳуд маблағ керак деб ўйлайди. Лекин мен инсон истаса бу соҳани ўрганиш учун жуда кўплаб бепул имкониятлар бор деб ҳисоблайман». Асли Навоийдан бўлган Шаҳина Кармана туманидаги 19-мактабни тамомлаган. У АйТи соҳасини танлашига информатика ўқитувчиси Nilufar Maxmudovaни сабабчи дейди. Соҳада эришаётган ҳар бир ютуғини энг аввало устози билан бўлишади. Шахина IELTS'дан 8.5 баллга эга Шаҳина Американинг Peace университетида ўқиш учун пресидент грантини ютиб олган. 2026-йилда алмашинув дастури асосида Computer Science йўналиши бўйича Америкага ўқишга кетади. Бундан ташқари қаҳрамонимиз Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилган “Ибрат дебате”нинг Тошкент шаҳар координатори ҳам. Нега қизлар айнан АйТини танлаши керак? “АйТи бу жудаям тез ривожланиб келаётган соҳа ва яхши даромад манбаи. Қизлар бу соҳани ўрганиб бемалол ўзларини моддий тарафдан қоплаб, оилаларига ҳам ёрдам бера олишади. Яна бир яхши томони масофавий тарзда фрилансер болиб ишласа ҳам бўлади” Шаҳинанинг келажак режалари магистратурани Massachusetts Institute of Technology, MIT) ўқиш, ва келажакда Google, Apple ёки Мета каби компанияларда дата аналйст сифатида фаолият юритиш. Шаҳинадан 5 маслаҳат: ✅АйТига қизиқсангиз — ҳеч иккиланманг; ✅Бепул ресурслардан фойдаланинг; ✅Бепул АйТи тренингларда қатнашинг; ✅Ўзингизни аяманг; ✅Бугун АйТи — бу фақат технология эмас. Бу — имкониятлар, мустақиллик, келажак ва ўзини ривожлантириш йўли. Энг муҳими — ишни бошлаш, ва ҳар куни оз-оздан ҳаракат қилиш.