Contenuto
Мени ўйлантираётган бир ҳолат ҳақида… Бир умрлик алиментлар — масъулиятми ё тарғибот? Сўнгги пайтларда деярли ҳар куни телевизорда “фалончи ота фарзандлари учун бир умрлик алимент тўлаб қўйди” ”рекорд сумма 2 миллиард”, “1 миллиард сўмли алимент” ваҳоказо деган янгиликлар чиқяпти. Албатта оталар масъулиятни ўз зиммасига олиб, фарзандлари келажагини кафолатлашга ҳаракат қилиб алиментларни вақтидан аввал тўлаб қўйгани яхши. Лекин… бир фикр тинчлик бермаяпти: бу каби янгиликлар ажрашишни “оддий” ва ҳатто “ечим” деб кўрсатмаяптими? Ахир, экран ортидаги одамларда “Ажрашсам ҳам бўлади, нима бўпти”, деган фикр шакллантирмайдими. Алимент — бу фақат моддий ёрдам, лекин у оталикни тўлиқ ўрнини босмайди. Фарзанд учун энг муҳим нарса — отанинг меҳри, эътибори ва тарбияси. Буни пул билан тўлдириб бўлмайди. Ёҳуд отанинг ўрнини ҳеч қандай миллиардлар билан босиб бўлмайди-ку… Шундоқ ҳам жамиятимизда оилавий қадриятлар аста-секин заифлашиб бораётган бир пайтда бундай хабарлар уни баттарлаштириши мумкин эмасмикин, сиз нима деб ўйлайсиз?!