Contenuto
Бугун эрталабдан ҳамкасбим савол бердилар: "мактабни битирадиган қизингиз қанча вақтини дарс тайёрлашга сарфлаяпти?" деб. Тўсатдан берилган саволдан хайрон бўлмадим, сабаби уларнинг ҳам қизлари қизим каби бу йил мактабни тамомлайди. Қизимни уйга боргандан то ухлагунимгача фақат дарс қилаётганини кўраман, ўртада идиш ювишга чалғиши мумкин, шундаям уни дарсдан чалғимаслиги учун ўзим ювиб қўйишим ҳақида айтдим. Улар қизларини камроқ дарс қилаётганидан хавотирда эканликларини айтдилар ва дарҳол ўқитувчисига қўнғироқ қилиб унинг вазифалари ва ўзлаштириши ҳақида гаплашиб кетдилар. Бу вазиятда мени энг таъсирлантиргани нима биласизми?! Бу ОТАнинг қизининг таълими ҳақидаги қайғураётгани бўлди... Эҳтимол қизларимнинг ҳаётида бундай инсон йўқлиги учунми мени бу ҳолат жудаям таъсирлантирди ва жудаям ҳурсанд қилди. Улар қизларини уйда ўтириб қоладиган қиз бўлмаслигини, яхши касб эгаллаб, келажакда ўз ўрнини топишини исташларини айтдилар. Қизларнинг таълими ва барқарор келажаги учун қайғурадиган оталар сони ортиб бораверсин Иллоҳим!