Contenuto
Ўтган дам олиш кунлари дадам туғилган Бухоро туманларидан биридаги қишлоққа тўйга бордим. Ёдимда... болалигимда у ерга кўп борардик, лекин негадир ҳар сафар борганда жуда қаттиқ касал бўлиб уйга ёмон аҳволда қайтгардим... Шу боисми кейинчалик мени олиб бормай қўйишган. Бугун у ерларда ҳаёт анча яхшилангани сездим, свет ўчмаяпти, сув ҳам болалигимда мен кўрганим каби қудуқлардан ичилмаяпти. Аёллар машинада бўлмасада скутерларда юришибди... Лекин мени ўйга тортган бошқа нарса ҳақида ёзмоқчиман... Тўйга борганим боис, келин-куёв ҳақида суҳбатлашар эканмиз, куёв қаерда ишлашини сўрадим. Жавобига "у ҳам Россиячи", деб жавоб беришди ва аниқлик киритган ҳолда уни Россияда ишлашини ва тўйдан кейин ўша ерга кетишини айтишди. Бу ҳолат менга 15 йиллар олдин ўзим келин бўлиб тушган Андижонни эслатди. Демак, ҳали ҳам кўп ёшларимиз Россияга ишлагани чиқиб кетишмоқда. Ва бугун бу ҳам бир касбдек, "россиячи" деб аталади. Тўғриси оғир ботди, кўп хотираларни ёдимга солди. Албатта меҳнат қилиш ёмон эмас, лекин инсон бир марта бериладиган умрини оиласидан яқинларидан узоқда ўтказиши мен учун оғриқли жудаям, бу ҳисларни бошимдан кечирганман... Мени қайғуга соладиган яна бир нарса кўплаб ёшларимиз ўз Ватанидаги имкониятлардан бехабар эканлиги. Кеча бир сурхондарёлик ҳамкасбим билан суҳбатлашсак, айтадики, бизнинг қишлоқда айрим оилаларда фарзандларга мактабдалигидан чет давлатларга кетишни уқтириб борилар экан ва ачинарлиси мактабни битираётганлар ҳам айнан шу мақсадларни кўзлаб битирар эканлар. Бугун дунё ўзгарган. Замонавий касбларни ўрганиш, рақамли кўникмаларга эга бўлиш имконияти жуда катта, ҳаммаси очиқ ва бугун яратилган имкониятлар орқали бепул ҳамдир. Энг муҳими, кетмасдан, ўз уйингизда туриб ўрганса ва кейинчалик ишласа бўлади. Бундай инсонлар бор бўлишига қарамай кўп қишлоқларда бундай фаолият юритиб, ишлаётганлар ҳақида билишмайди. Ҳозир шу постни ёзиш баробарида шундай бепул имкониятлар билан бўлишишни тўғри деб топдим: Қуйидаги лойиҳалар орқали Ахборот технологиялари, дастурлаш, сунъий интеллект, хорижий тиллар ва бошқа йўналишларда бепул таълим олиш мумкин: Бир миллион сунъий интеллект етакчилари лойиҳаси — сунъий интеллект ва дастурлаш бўйича онлайн курслар https://aileaders.uz/, хорижий тил, электрон тижорат, маркетинг ва СММ йўналишларида бепул дарслар https://itstudy.uz/, https://it-istedod.uz/ халқаро АТ сертификатига эга ёшларнинг сертификат олиш ҳамда ўқишга сарфлаган харажатларини компенсация қилишга қаратилган онлайн лойиҳалар. Бундан ташқари ҳудудларда амалга оширилаётган бир нечта оффлайн лойиҳалар IT-шаҳарча, дастурлашни бепул ўргатадиган School 21 мактаби, 7-синфдан бошлаб мактабни битиргунга қадар дастурлаш ва хорижий тиллар йўналишида билим беришга қаратилган офлайн лойиҳалар мавжуд, Бу лойиҳалар орқали ҳеч бўлмаса бир йигит ёки қиз шу йўлдан бориб, ўз мақсадига етса, биз мақсадга эришган бўламиз. Ўшанда чекка қишлоқларимиздан ёшларимиз чет элга иш излаб бормай ўзининг яқинлари ва оиласи бағрида яшаб ишлаш имконига эга бўлади. Бу интервьюни айнан шундай мигрант бўлиб ишлаган лекин АйТини ўрганиб, ўз фаолиятини Ватанида олиб бораётган юртдошимиздан олганман: https://www.youtube.com/watch?v=PeHix3wI-eE&t=22s Суратларда қишлоқ ҳаётидан лавҳалар...