Contenuto
36 миллиондан ортиқ марта My.gov.uz, яъни Ягона интерактив давлат хизматларидан фойдаланилган. Порталдаги энг машҳур хизмат нима деб ўйлайсиз? Бу болани боғчага жойлаш хизмати экан. Бу рақамлар оддий статистика эмас. Бу ишонч, қулайлик ва катта ўзгариш дегани. Бугун 9 миллион фойдаланувчига эга бўлган иловадан фойдаланиш сони ошгани нима беради? Бу фуқаролар давлат хизматларини навбатсиз, ортиқча қоғозбозликсиз, вақт ва маблағни тежаган ҳолда оляпти дегани. Бу йўлда катта масъулиятни ўз зиммасига олган инсонлар бор. Танишинг! Ойбек Нуриддинов ва унинг жамоаси ҳар куни минглаб мурожаатлар билан ишлайди ва ҳар куни давлат хизматларини фуқаролар учун янада яхшироқ ва қулайроқ қилишга ҳаракат қилади. Ойбек Нуриддинов — 32 ёшда. У Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги “Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” давлат муассасасида My.gov.uz — Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил иловасини ривожлантириш бўлими бошлиғи. Айтмоқчи, Сиз жорий йилда My.gov.uz'нинг қайси хизматидан фойдаландингиз?